ЎзА Ўзбек

14.12.2012 14:22 Чоп этиш версияси

Талабалар учун янги имкониятлар

Мамлакатимизда интернет тармоғига уланиш ва ундан фойдаланиш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан 2012 йилда бу борада йирик лойиҳа амалга оширилди. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида “Келажак овози” Wi-Fi интернет ҳудудлари очилди. Мазкур ҳудудлар орқали талабалар дарсдан бўш вақтларида интернет тармоғидан бепул фойдаланиши мумкин.

Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртларида ҳам талабалар ана шундай қулайликлардан баҳраманд бўлмоқда.

“Келажак овози” ахборот хоналари қошида ташкил этилган Wi-Fi интернет ҳудудлари талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, интернет орқали дунё ва илм олами янгиликларидан хабардор бўлиш, шунингдек, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази фаолияти билан доимий танишиб, лойиҳа ва тадбирларда иштирок этишларига кўмаклашмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Wi-Fi интернет ҳудудлари маънавиятимизга ёт бўлган зарарли ғояларни тарғиб қилувчи турли сайт ва тармоқлардан ишончли ҳимояланган.

– Мазкур Wi-Fi интернет ҳудуди талабаларнинг пухта билим олиши ва таълим жараёнидаги янгиликлардан хабардор бўлишида катта аҳамиятга эга, – дейди Фарғона давлат университетининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори Абдуғофир Қосимов. – Бугун интернет оламида ёшлар онгини чалғитувчи ҳар хил зарарли ғоялар ҳам талайгина. “Келажак овози” Wi-Fi интернет ҳудудининг турли салбий интернет манзилларидан ҳимоялангани талабаларнинг миллий маънавиятимизга зид таъсирларга чалғишига йўл қўймайди.

Вилоятдаги олий ўқув юртларида очилган “Келажак овози” Wi-Fi интернет ҳудуди асосан Tas-ix тизимидаги веб-саҳифаларда ишлашга мўлжалланган. “Келажак овози” ахборот хоналарида талабалар учун фойдали сайтларнинг манзиллари кўрсатилган бўлиб, бу уларнинг изланишларида қўл келади. Жумлалан, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари марказининг kelajakovozi.uz, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг сайти – fundforum.uz, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фондининг расмий веб-саҳифаси – sisf.uz, қизиқувчан ёшларнинг ижтимоий мавзулардаги фикрлари берилган ва фикр алмашишга мўлжалланган саҳифаси – dilemma.uz, ёш журналистларнинг мақолалари жойлаштирилган интернет манзили – kelajakpress.uz ва бошқа қатор мазмунли сайтларнинг кўрсатиб ўтилганлиги фаол ёшларнинг ўз қизиқишлари бўйича янгиликлардан хабардор бўлишларига ёрдам беради.

– Мазкур интернет ҳудуди жуда қулай, – дейди Фарғона давлат университетининг 2-босқич талабаси Моҳигул Раҳимова. – Дарсдан бўш вақтларимда, ҳатто қисқа танаффус пайтида ҳам мобиль телефоним орқали интернетга киришим, ўзимга керакли маълумотларни тезда олишим мумкин. Мазкур ҳудудда асосан “ZiyoNet” тармоғи орқали таълим тизимидаги янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Шунингдек, lingvo.uz сайти ҳам жуда қизиқарли. Бу сайт орқали он-лайн дарсларда қатнашаман ва инглиз тилини ўрганаман.

Бугун юртимизда интернет тармоғидан фойдаланмайдиган ёшларни топиш қийин. Самарали меҳнат қилиш, ўқиш, янгиликлардан хабардор бўлиш, қолаверса, бошқалар билан мулоқотга киришиш, кўнгилли дам олиш – буларнинг барчаси интернетдан фойдаланиш учун яратилаётган имкониятлар самарасидир. Энг муҳими, ёшларимизни глобал тармоқдаги турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Wi-Fi интернет ҳудуди ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларга ёрқин мисол бўла олади.


ЎзА, Маъсуджон Сулаймонов
9 252