ЎзА Ўзбек

24.11.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Талабалар учун "Microsoft"дан бепул дастурий таъминот

"Microsoft" корпорацияси вакиллари Тошкентдаги Инҳа университети маъмуриятига "Microsoft Imagine" дастурининг 1000 ваучерини топширди. Бу ваучерлар университет талабаларига "Microsoft" корпорацияси томонидан яратилган дастурий таъминотни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқиш воситаларидан бепул фойдаланиш имкониятини беради.

Мазкур ташаббус доирасида университет талабалари "Windows" операцион тизими, шунингдек, "Microsoft" компаниясининг "Azure", "Visual Studio", "SQL Server" ва "Xamarin" каби ишланмаларидан бепул фойдаланиши мумкин. Шунингдек, у ўқувчиларга ўз билимини бойитиш ва кўникмасини оширишга хизмат қилувчи онлайн ресурслар ва амалий тренинглардан фойдаланиш имконини яратади.

Жорий йилда Тошкентдаги Инҳа университетида "Microsoft" корпорациясининг ўқув хоналари очилган эди. Хона энг замонавий дастурий таъминотга эга компьютер ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, нафақат талабалар, балки энг сўнгги операцион тизим ва офис дастурлари билан ишлаш кўникмасини эгаллаш истагидаги давлат ташкилотлари ходимлари учун ҳам ихтисослаштирилган курслар, семинар ва маҳорат дарслари ўтказишга мўлжалланган.

Университет талабалари дастурий таъминот соҳасидаги инновацион ишланмалар, энг оммабоп операцион тизим ва офис дастурлари архитектурасини ўрганиш имконини берувчи "Microsoft Imagine Academy" таълим ресурси имкониятларидан муваффақиятли фойдаланмоқда.

Роман Бондарчук, ЎзА
8 956