ЎзА Ўзбек

21.12.2012 19:31 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар учун интернет ресурслар ва ахборот-коммуникация технологиялари

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон Бизнес-форуми (2-босқич)” лойиҳаси билан ҳамкорликда ушбу мавзуга бағишланган матбуот анжуманини ташкил этди.

Тижорат тузилмалари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларидандир. Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар учун тўловларни интернет ҳамда пластик карточкалар орқали амалга ошириш инфратузилмасини яратиш, тижорат фаолияти ва тадбиркорликда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан янада кенг фойдаланишни таъминлаш масалалари қайд этилган.

Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайховнинг таъкидлашича, мамлакатимизда бизнес вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, хусусий секторни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликни қизиқарли дастурий маҳсулотлар ва 2012 йилда чоп этилган ахборот нашрлари билан таништиришдан иборат.

Тадбиркорларга ўз фаолиятини ташкил қилиш ва юритиш жараёнида зарур бўлган фойдали ахборотни ўз ичига олган www.biznesinfo.uz ахборот портали имкониятлари намойиш этилди. Сайтда бизнесни рўйхатдан ўтказиш шартлари, лицензиялаш ва рухсат этиш тартиб-таомиллари, мамлакатимиз молия институтлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек, тегишли адабиётлар билан танишиш, шартнома ва бизнес-режалар намуналарини компьютерга ёзиб олиши мумкин. Шуниси эътиборлики, бу сайтда 600 турдан ортиқ ускуналар ва мини-технологиялар тўғрисидаги ахборот жамланган.

Матбуот анжумани иштирокчиларида тадбиркорлар учун мўлжалланган UzSAT инновация ишланмаси катта қизиқиш уйғотди. Мобиль телефонга ўрнатиладиган ушбу илова интернет ёрдамида ишлайди. У орқали Ўзбекистоннинг қайси банкларидан кредитни қандай шартлар асосида олиш мумкинлигини билиш, хўжалик субъектларини текширишнинг йиллик режаси билан танишиш мумкин.

Тадбирда мобиль телефонлар учун яна бир илова – “SMS-To`lov” ва Савдо-саноат палатасининг Call-маркази фаолияти тўғрисида ҳам сўзлаб берилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда бизнесни ташкил қилиш ва юритиш имкониятлари ҳақида ҳикоя қиладиган ихтисослаштирилган нашрлар тўғрисидаги ахборот ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақида нималарни билиш керак?”, “Бизнесга кўмаклашувчи имтиёзлар“, “Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар”, “Тадбиркорлар учун компьютер”, “Тадбиркорлар учун интернет” шулар жумласидандир. Улар Савдо-саноат палатаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон Бизнес-форуми (2-босқич)” лойиҳаси билан ҳамкорликда нашр этилган.


ЎзА, Меҳрибон Маметова
13 144