Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 15:23 Чоп этиш версияси

Ўт ўчириш тизимида янги технологиялар қўлланилмоқда

Пойтахтимиздаги барча хавфсизликни таъминлаш тизимлари ишини назорат қилиш учун кўплаб манбалардан келувчи турфа ахборотларни жамлаш, бирлаштириш, таҳлил қилиш ва гуруҳларга бўлишга қодир комплекс ахборот тизими зарур. Президентимизнинг 2017 йил 29 августдаги "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ яратилган "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий мажмуаси айнан шу мақсадларга хизмат қилади.

Тошкент шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқалар маркази раҳбари С.Юровнинг қайд этишича, замонавий АКТ назорат қилиб бўлмайдиган ёнғинларни эрта аниқлаш суръатини сезиларли даражада оширади, ёнғинлар тури, даражаси ва мураккаблигини аниқлашга ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, ўт ўчириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий мажмуасини яратиш доирасида шакллантирилган шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқалар маркази замонавий АКТ ва алоқа воситаларини жорий этиш мақсадида ёнғинларни аниқлаш ва улар содир бўлганда ҳаракат қилиш тезлигини оширишга йўналтирилган қатор АКТ лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Биринчи навбатда пойтахтнинг реал вақтда мунтазам янгиланиб турадиган электрон харитасидан иборат Тошкент геоахборот тизими ишлаб чиқилди. Харитада ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари жойлашган ҳудудлар, шунингдек, шаҳардаги бозорлар, оммавий иншоотлар, муҳим иқтисодий-ижтимоий бино ва объектларга олиб борадиган қисқа маршрут ва кириш йўллари кўрсатилган. Бу ёнғин аниқланганида турли ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги туман бўлинмалари ишини мувофиқлаштириш ҳамда ёнғинни бартараф этиш учун ёнғин техникаси тури ва миқдорини аниқлаш имконини беради.

Айни пайтда ёнғин ҳақидаги барча маълумот ва қўнғироқлар яқинда ташкил этилган Тошкент шаҳар ўт ўчириш кучлари ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига келиб тушади, туну кун навбатчилик қиладиган диспетчерлар томонидан қайта ишланади. Кўп ҳолларда мурожаат қилувчилар ёнғин содир бўлган манзилни тушунтиришга, мўлжал ва автотранспорт бориши мумкин бўлган қисқа йўлни кўрсатишга қийналади ёки иморат, кўча ва чорраҳанинг фақат эски, норасмий номини билишади. Бундай мураккаб масалани ҳал этиш учун Тошкент геоахборот тизимига янги – қўнғироқ қилувчи манзилини автоматик равишда аниқлаш ва махсус автотранспорт ҳаракатланадиган йўналиш ҳамда мўлжални белгилаш вазифалари интеграция қилинмоқда. Бу маълумотларнинг барчаси ҳар бир ёнғин учун алоҳида электрон харитага автоматик равишда киритиб борилади. Шунингдек, тизимда сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд, зеро, иморатлар жойлашуви ва уларга кириш йўллари сунъий йўлдош тасвирларида схематик тасвирлардан кўра яхшироқ кўринади. Сунъий йўлдош тасвирларидан ўт ўчирувчи транспорт ҳаракатланиши учун энг қисқа йўналишни белгилашда қўлланилади. Бундан ташқари, ҳар бир ўт ўчирувчи машинага нафақат қаердалиги, балки қандай тезликда кетаётгани қайд этиб бориладиган GPS навигаторлар ўрнатилган.

Тошкент шаҳар ўт ўчириш кучлари ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш маркази, шунингдек, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси электрон харитасидан ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ёнғин ҳақидаги мурожаатни қабул қилган диспетчер пойтахт кўчаларида ўт ўчириш машиналарининг бемалол ҳаракатланишини таъминлайди ёки ўт ўчириш давомида юзага келган бошқа вазиятларни бартараф қилиш учун милиция қисмларидан бирини истаган пайтда жалб эта олади.

Ёнғинни эрта аниқлаш мақсадида ўрнатилган махсус видеокузатув ва юқори аниқликка эга камералар шаҳар ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамловчи энг истиқболли йўналишлардан бирига айланган. Бундай видеокузатув тизимлари муҳим милиция блокпостлари ва ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг барчасида мавжуд. Юқори аниқликдаги камералар эса ёнғинни имкон қадар эрта аниқлаш учун пойтахтнинг осмонўпар иморатларига ўрнатилмоқда. Айни пайтда шаҳардаги кўп қаватли иморатларга шундай камераларнинг еттитаси ўрнатилган. Улар ёрдамида қисқа муддатда бешта ёнғинни илк босқичларидаёқ аниқлаш ва бартараф этишга улгурилди.

Ёнғин – инсоният минг йиллардан бери курашиб келаётган вайронкор офатлардан биридир. Замонавий техника тараққиёти, АКТ ва алоқа воситаларининг ривожланиши тилсиз ёв билан курашда янги истиқболлар очмоқда.

Роман Бондарчук, ЎзА
2 836






Все о погоде - Pogoda.uz