ЎзА Ўзбек

19.06.2019 Чоп этиш версияси

Сув хўжалиги ташкилотларига инновацион ускуналар топширилди

Сув хўжалиги ташкилотларига инновацион ускуналар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ҳудудларда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга сув сатҳи ва сарфини бир вақтда ўлчайдиган махсус ускуналарни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев ва бошқалар соҳада сув хўжалигини ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ ҳудудларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Сув хўжалиги вазирлиги БМТ Тараққиёт дастури билан турли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиб келади. Шулардан бири Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш: техник салоҳиятни мустаҳкамлаш (2 компонент)” қўшма лойиҳасидир.

photo5210819731743943749.jpg

Ушбу лойиҳа доирасида 2018 йилда Сирдарё – Сўх, Қуйи Сирдарё, Зарафшон, Аму – Қашқадарё, Аму – Сурхон ва Ўнг қирғоқ – Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тизимидаги пилот ҳудудларга мўлжаллаб 6 дона “SonTek S5” русумли доплер-профилограф сув ўлчаш ускуналари харид қилинди. Жорий йилнинг март ойида пилот ҳудудларнинг сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари учун мазкур ускуналардан фойдаланиш бўйича махсус ўқув курслари уюштирилди.

– Бугунги кунда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда долзарб масала ҳисобланади, – дейди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс. – Бу ускуналар инновацион технология бўлиб, сув сарфини аниқ ўлчаш билан бирга ундан оқилона фойдаланишга ҳам хизмат қилади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, 2050 йилга бориб дунё аҳолиси сони 9,8 миллиарддан ошиши кутилмоқда. Ўзбекистонда ҳам муттасил ўсиш кузатилаяпти. Ўз ўрнида, аҳоли сонининг кўпайиши сувга бўлган талабнинг ортишига олиб келади. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда шу каби янги ускуналардан, замонавий сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ўтиш даври келди.

photo5210819731743943748.jpg

Мазкур ускуна йирик каналлар, дарёлар ва 15 метргача чуқурликдаги сув омборларида ишлатилади. Оқим тезлиги, йўналиши, сув сарфи ҳақидаги маълумотларни кўрсатади. Шунингдек, канал ўзани ва сув омборлари тубида лойқа тўпланиш ҳажмини аниқлаш имконига эга. Бундан ташқари, дарё ва каналларда ўзан жараёнлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда қўл келади.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан замонавий сув ўлчаш ускунаси соҳа ходимларига топширилди. Технологиянинг афзалликлари, ундан фойдаланиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

15 886
А.Мусаев, ЎзА