ЎзА Ўзбек

15.05.2020 Чоп этиш версияси

Шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича онлайн-тақдимот

Шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича онлайн-тақдимот

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) томонидан электр энергетика тизимидаги мутахассислар учун энг замонавий “Lidar” технологиясига асосланган шамол тезлиги ва бошқа параметрларини ўлчаш қурилмасининг онлайн-тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот чоғида мутахассислар “Lidar” технологиясининг ишлаш принципи билан танишди. Мазкур технология мамлакатимизда мавжуд эмаслиги ва шамол станцияларини қуришда шамол тезлигини ўлчаш энг муҳим омил эканини ҳисобга олиб, энергетика мутахассислари учун ушбу қурилманинг 3 тўпламини олиш режалаштирилмоқда.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергия асосан гидроэлектрстанциялар ҳиссасига тўғри келади. Қайта тикланувчи манбалар ҳисобига ишлаб чиқарилган энергия жами энергия ҳажмининг 10 фоизини ташкил этади. Яъни, улкан салоҳият бўлишига қарамасдан, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларидан деярли фойдаланилмаяпти.

photo_2020-05-15_16-45-07.jpg

Ваҳоланки, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергиятежамкор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан биридир.

Ўзбекистонда 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунда гидроэнергетика – 11,2, қуёш энергетикаси – 8,8, шамол энергетикаси – 5 фоизни ташкил этиши керак.

14 674
ЎзА