ЎзА Ўзбек

25.10.2018 20:17 Чоп этиш версияси

«Securika Central Asia 2018»: хавфсизлик саноати янгиликлари намойиши

«Securika Central Asia 2018»: хавфсизлик саноати янгиликлари намойиши Жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида «Қўриқлаш, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя – Securika Central Asia 2018» ўнинчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Унда еттита мамлакатдан ўнлаб компаниялар ўз маҳсулотларини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ва бир қатор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган кўргазмада жамоат хавфсизлиги тизимларини такомиллаштириш, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар, муайян дистрибюторлар ва хавфсизлик саноати профессионаллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Маҳаллий ва хорижий компаниялар, қўриқлаш техник воситалари, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчилар, хавфсизлик тизимларини ўрнатиш бўйича мутахассислар, хавфсизликни таъминлашга зарур бўлган товарларнинг чакана ва улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари ушбу нуфузли ва анъанавий тадбирнинг асосий иштирокчиларидир.

Соҳа янгиликлари билан танишиш, янги мижозларни жалб қилиш, қўриқлаш техник воситалари, хавфсизликни таъминлаш ва ёнғинга қарши ҳимоя ускуналарини сотиш ҳажмларини оширишда мазкур кўргазма қулай бизнес майдон сифатида хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.



Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 225