Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

23.04.2018 17:07 Чоп этиш версияси

Робот ихтирочиси ҳомий қидирмоқда

Робот ихтирочиси ҳомий қидирмоқда
Кўзи ожиз инсон кўчада борар манзилини йўқотиб, ёрдам сўраса, йўл четида ўрнатилган робот унга манзилга етиб олиши учун такси чақирса. Ёки вилоятдан пойтахтга келган юртдошимиз борар жойига қайси йўлдан қанча вақтда ва қанча йўлкира сарфлаб боришни билмоқчи бўлса робот кўмак беради. Агар сайёҳларга шу каби ёрдам керак бўлса-чи?

Аброр Йўлдошев Тошкент радиотехника ва автоматика касб-ҳунар коллежига ўқишга келганида робот яратиш ҳаёлида ҳам йўқ эди. Бироқ, 2016 йилнинг 7 майида у коллежда қандай ютуқларга эришиш мумкинлигини англаб етди.

Бунга Радио куни муносабати билан ўтказилган кўргазма сабаб бўлди. Унда коллеж ўқувчиларининг йил давомида яратган ихтиролари, янги ғоялари намойиш этилди.

photo5397984467949299928.jpg

- Кўргазмани айланиб юриб, ҳаракатланаётган қўл, турли учувчи жисмларни кўриб, тенгдошларимга ҳавасим келди,-дейди Аброржон. - Ана шу тенгдошларим қатори менга ҳам устозлар таълим бераётган бўлса, улардан кам жойим бўлмаса, нега мен ҳам ихтиролар қилиб, изланишлар олиб бормасдан вақтни бекорга ўтказиб юрибман. Шундай хаёллар билан шу куниёқ, амалиёт устози Тоҳир акага учрашиб, мен ҳам тўгаракка бормоқчиман, қачон борсам бўлади дедим. Улар истаган вақтингда кел деб айтдилар. 

Кўнглида янгилик яратиш иштиёқи кучайган Аброржон шу тариқа Тоҳир акага шогирд тушди. У қамарни илон каби ўйнатиш борасида фикр берди. Тўгарак аъзоларининг бири бу бўлмайдиган ғоя деса, яна бири бу жараёнга қизиқиб қолди. Изланишлардан кейин бунинг учун ҳамма томонга ойна қўйиб, магнит ёпиштирилса, камар илонга ўхшаб қимирлаб туриши аниқланди.

Бироқ, бу ғоя амалга ошгани билан ҳеч кимнинг оғири енгил бўлиб қолмаслигини англаган Аброржон эл-юртга фойдали бўлган янгилик яратиш борасида изланишни бошлади. Шу тариқа устози Тоҳир ака дўсти Абдуғани кўмагида гантел кўтарадиган роботни яратди. Унинг юзини инсонникига ўхшатиш учун коллеж устахонасида Аброржоннинг юз қиёфасидан албастр ёрдамида бир неча маротаба қолип олинди. Бу ихтиро учун Аброржон Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Инновацион ривожланиш вазирлигининг бир қатор ташаккурномаларига сазовор бўлди.

photo5397984467949299929.jpg

- Айни вақтда биз яратган навигатор роботни кенг миқёсда ишлаб чиқаришга ҳомий керак,-дейди Аброржон. - Бу робот юртимизда сайёҳликни янада ривожлантиришга ёрдам беради. Бизнес режага кўра бизга 80-90 миллион сўм керак бўлади. Бу маблағнинг асосий қисми роботларни дастурлаштириш учун сарфланади.

Бизнинг билишимизча, бу лойиҳа кўмагида Ўзбекистонга кириб келган сайёҳга керакли манзилни тез ва осон топиш имконияти яратилади. Аэропорт, темирйўл вокзали, меҳмонхоналар, бозорларга ўрнатилган робот мониторида бир нечта вазифалар белгиланган бўлади. Сайёҳ борадиган манзилини харитасини роботдан билиб олиши, манзилга қандай боришни аниқлаши, таксига буюртма бериши, автобус ёки маршуруткани келиш вақтини кўриши, об-ҳаво маълумотлари олиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда жаҳондаги саноқли давлатларда-Жанубий Корея, Япония, Германия, Хитойда роботлардан фойдаланилмоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА