ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар технопарки ташкил этилади

Республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар технопарки ташкил этилади

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашувни видеоконференция орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар кузатиб, унда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда яна бир навқирон авлод вакили – Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директорининг ўринбосари Акбархон Собирхонов ҳам Президентга ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган эди. 

У томонидан билдирилган таклифга кўра, Ёшлар академияси қамровини кенгайтириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар технопаркини ташкил этиш ва бу орқали чекка вилоятлардаги иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга замин яратилиши таъкидланди. 

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳокама учун эълон қилинди. 

Муҳокаманинг якуний санаси 29 январь ҳисобланади.

Унга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич юридик шахс мақомига эга масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ёшлар технопарки” дирекцияси ташкил этиш таклифига розилик берилиши мумкин.

Бунда, Технопарк “Яшнобод” инновация технопаркининг ҳудудий бўлинмаси деб ҳисобланади ва “Яшнобод” инновация технопаркининг резидентларининг жойлашувини экстерриториаллик Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилади.

Қуйидагилар Технопарк фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланади:

- ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни илмий ва ижодий салоҳиятини ошириш;

- ҳудудларда ёшларнинг аналитик фикрлаш, уларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;

- ёшларнинг стартап-лойиҳаларни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш;

- замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш;

- иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;

- етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва мастер классларни, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш;

- иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мавзуга оид грантлар бериш юзасидан эълон қилиб бориладиган танловларга йўналтириш;

- илмий-техник, инновацион ҳамда стартап-лойиҳаларни амалиётга жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари, ўқитувчи-профессор ва талабаларини шартнома асосида жалб қилиш.

Ташкил этиладиган Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.

13 439
ЎзА