ЎзА Ўзбек

09.11.2012 17:41 Чоп этиш версияси

Реклама ва медиа бозор салоҳияти ортмоқда

Пойтахтимизда “Маркетинг, Реклама ва PR” биринчи Тошкент халқаро форуми бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Тошкент реклама ассоциацияси кўмагида SAIPRO ахборот-рейтинг агентлиги томонидан ташкил этилди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда реклама ва медиа бозорини ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Мамлакатимизда бизнесни жадал ривожлантириш ва хориж сармояси оқимини кўпайтириш учун қулай ишбилармонлик муҳити, ишончли ҳуқуқий кафолатларнинг шакллангани, ишлаб чиқариш ҳамда савдонинг ўсиши реклама саноатини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев шулар ҳақида гапирди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон реклама бозори кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунда мамлакатимизда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонун муҳим роль ўйнаётир. Ушбу ҳужжат реклама ишлаб чиқиш ва тарқатишда юзага келадиган муносабатларни шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Ўтган йили мамлакатимиз реклама агентлари сони қарийб 480 тани ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 500 дан ошди. Реклама тарқатишда телевидение муҳим ўрин тутмоқда. Бугун реклама бозорида телевидениенинг улуши 52, босма нашрлар улуши 19, ташқи реклама 14 ва радио улуши 12 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, медиа соҳа ҳам жадал ривожланмоқда.

Биринчи Тошкент халқаро форумини ўтказишдан мақсад бизнес, маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун имконият яратишдан иборатдир. Етакчи брендлар, масс-медиа, маркетинг ва реклама вакиллари илк бор тўғридан-тўғри муносабатларни йўлга қўйиш, товарлар, хизматлар ҳамда брендларни илгари суришнинг сўнгги тенденцияларини муҳокама этиш, тажриба алмашиш учун бевосита учрашиш имконига эга бўлди.

Форумда мамлакатимиз, Швеция, Франция, Хитой, Сингапур, Малайзия, Япония, Россия ва бошқа давлатлардан реклама, маркетинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг 200 нафардан ортиқ вакили иштирок этди. Тадбир сессияларида ижтимоий медиа, маркетингдаги янги йўналишлар, брендинг асосий трендларини компаниялар стратегиясига киритиш имкониятлари, замонавий PR-коммуникациялар услублари, технологиялари ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш, бугунги шароитда медиа агентлари фаолиятининг истиқболлари, анъанавий оммавий ахборот воситалари ноширлари учун янги бизнес-моделлар, молиявий маркетинг ёки ривожланишнинг долзарб йўналишлари, молия маҳсулотлари ҳамда хизматларини илгари суришнинг янги услублари каби муҳим масалалар муҳокама этилди.

Тадбир қатнашчилари нуфузли амалиётчиларнинг маркетинг стратегияси, реклама, брендинг ва медиамониторинг соҳасидаги тақдимотлари ҳамда маҳорат сабоқларида ҳам иштирок этди.

Форум доирасида “Реклама товарлари ва товарлар брендлари кўргазмаси” бўлиб ўтди. Унда маркетинг, рекламани ишлаб чиқиш ва тарқатиш технологиялари, PR-технологиялар, медиа-консалтинг ва мониторинг, ноширлик иши, графика дизайни, аудио ва видерекламани яратиш усуллари намойиш этилди. Товарлар ва хизматлар бозорининг етакчи брендлари экспозицияси кўргазмада алоҳида ўрин эгаллади.


ЎзА, М.Маметова
11 623