ЎзА Ўзбек

25.09.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Рақамли Марказий Осиё учун инновациялар

Рақамли Марказий Осиё учун инновациялар Тошкентда 25 сентябрь куни “Рақамли Марказий Осиё учун инновациялар” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбир "Huawei" компаниясининг Марказий Осиёда иккинчи йиллик инновациялар куни доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Инновацион ривожланиш вазирликлари ҳамда "Huawei" компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда давлат ва халқаро ташкилотлар, ишлаб чиқариш, илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат ташкилотлари фаолиятини рақамлаштириш, мамлакатни глобал инновацион индекс рейтингига киритиш, шунингдек, "Huawei" компаниясининг “ақлли” технологиялари, халқаро майдонда мижозларга тақдим этаётган хизматлари юзасидан атрофлича маълумотлар бериш ушбу форумнинг асосий мақсадига айланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, "Huawei" компанияси вице-президенти В.Чжан, Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик ташкилоти раиси ўринбосари О.Қодиров ва бошқалар ушбу масалалар ҳақида тўхталди. Хусусан, Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш орқали соҳадаги узилишларни бартараф этиш, тармоққа инвестицияларни жалб қилиш, саноат, туризм, транспорт каби тармоқларга янги инновацион технологияларни олиб кириш, ҳудудда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали минтақа давлатларини халқаро бозордаги фаолиятини мустаҳкамлаш масалалари ҳақида мутахассисларнинг фикрлари тингланди.

– Техника ва технология жадал ривожланаётган даврда юртингизда ушбу форумнинг ўтказилиши айни муддао, – деди "Huawei" компаниясининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича президенти Жеймс Чен. – Компаниямиз 2013 йилдан буён қатор ривожланган давлатларда, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида “Инновация куни” тадбирини ўтказиб келмоқда. Инновация ва “ақлли” технологияларнинг ҳаётга татбиқ этилиши одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш билан бирга, мамлакатлар ривожланиш суръатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Мазкур форумда Ўзбекистонда рақамли тараққиёт учун янги тажрибалар тўплашни мақсад қилганмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилгани, 2018 йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани, соҳани такомиллаштиришга доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётгани жамият ҳаётига инновацион лойиҳаларни татбиқ этишни тезлаштириш, инновацион лойиҳалар ишлаб чиқишни рағбатлантириш, соҳада жадал ҳаракатланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда шулар хусусида сўз юритилди. Хитойнинг "Huawei" компанияси вакиллари ушбу компания фаолияти, халқаро майдонда тақдим этаётган хизматлари, дунё мамлакатларининг рақамли технологиялардан фойдаланиши учун яратаётган имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбир доирасида мавзу юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
7 628