ЎзА Ўзбек

11.12.2012 20:31 Чоп этиш версияси

Почта соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари фаол жалб этилмоқда

Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамиятининг соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Глобаллашув асрида бирон-бир соҳани телекоммуникациялар ва ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида турли фаолият соҳаларига АКТни фаол жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу мақсадларга қаратилган.

Ҳозирда бутун дунёда почта алоқаси соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда ва бунинг натижасида унинг фаолият кўлами тобора кенгаймоқда. “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари Хотира Тожибоеванинг таъкидлашича, мамлакатимизда почта соҳасига илғор иш услублари фаол жалб этилмоқда ва бу аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини юқори даражага кўтариш имконини бермоқда.

“Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг барча ҳудудида универсал хизматлар кўрсатиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга бўлиб, халқаро почта алмашинувини ҳам таъминламоқда. “Ўзбекистон почтаси”нинг биллинг тизимига уланган почта алоқаси бўлимлари анъанавий шаҳарлараро ва халқаро сўзлашувлар, уй телефони учун абонент тўловлари билан бирга коммунал хизматлар, электр энергияси учун ҳам тўловларни қабул қилмоқда.

2005 йилда соҳада Электрон пул ўтказмалари автоматлаштирилган тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда ушбу тизим 945 алоқа объекти уланган барча 14 ҳудудий филиални қамраб олган ва Бутунжаҳон почта иттифоқининг халқаро IFS тармоғига чиқиш имконига эга. Украина, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Молдова билан халқаро электрон пул ўтказмаларини амалга ошириш ташкил этилган, МДҲнинг бошқа давлатлари ва узоқ хориж мамлакатлари билан ушбу хизматларни кенгайтириш бўйича тегишли ишлар олиб борилаётир.

Мазкур тизим негизида шу йилнинг мартида аралаш пул ўтказмалари тизими жорий этилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу хизматни кўрсатишда мижоздан қабул қилиб олинган пул ўтказмаси шаҳар (туман) почта алоқаси узелига почта алоқаси бўлимидан анъанавий тарзда етказилади ва кейинчалик автоматлаштирилган электрон пул ўтказмалари тизими орқали керакли манзилга узатилади. Шундай қилиб, пул ўтказмасини уни олувчига етказиб бериш ва тўлаш жараёни тезлашади.

Жорий йилнинг тўққиз ойида Электрон пул ўтказмалари хизматини кўрсатишдан олинган даромад 1,6 миллиард сўмдан ошди.

Мутахассисларнинг айтишича, бугун почта ҳудудий филиалларидаги 15 пул алмаштириш пункти ва почта алоқасининг шаҳар, туман узелларининг барча 187 саралаш участкалари рўйхатга олинган почта жўнатмаларини мониторинг қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимга уланган. Бу эса почта жўнатмасининг қаердалиги ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида олиш имконини беради. Мазкур хизматдан почта алоқаси мижозлари жамиятнинг интернетдаги www.pochta.uz сайти орқали фойдаланиши мумкин.

Фуқароларни пенсия ва нафақа билан ўз вақтида таъминлаш ҳар доим долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга масала бўлиб келган. Шу сабабли почта алоқаси объектлари томонидан тезкор ахборот тўплаш, пенсия ва нафақалар тўланишини марказлаштирилган ҳолда ҳисоб-китоб ва назорат қилишни жорий этиш мақсадида “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти пенсия ва нафақалар тўланишини ҳисоб-китоб қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқди ҳамда жорий этди. Мазкур тизимни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тизимига улади. Айни пайтда ушбу тизимга почта алоқаси бўлимлари ҳам босқичма-босқич уланмоқда.

Тадбирда “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти мутахассислари соҳага АКТни жорий этишнинг бошқа йўналишлари ҳақида ҳам сўзлаб берди, йиғилганларни келгуси йил режалари билан таништирди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.


ЎзА, Сардор Тожиев
13 681