ЎзА Ўзбек

23.01.2018 08:10 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонлик ёш мутахассис ер ресурсларини бошқаришда янги инновацион технологияни кашф этди

Қорақалпоғистонлик ёш мутахассис ер ресурсларини бошқаришда янги инновацион технологияни кашф этди
Қорақалпоғистонлик ёш мутахассис Руслан Генжебаев Геоахборот тизими – GIS (GeoInformSystem) ни ишлаб чиқди.

Мазкур технология ер мониторингини юритишни енгиллаштириш, тизимни янги технологияларга мос равишда ривожлантиришни кўзда тутади. Mутахассисларнинг таъкидлашича, янги технология ер тузиш соҳасида уйлаб топилган ғоят муҳим ихтиродир. 

Хўш, янги ихтиро қайси жиҳатлари билан аҳамиятли? Унинг афзаллиги ва самарадорлиги нималарда кўринади? 

– Ер мониторингини юритишда анъанавий амаллар ўз аҳамиятини йўқотди, – дейди ёш мутахассис Руслан Генжебаев. – Ҳозирги даврда ҳар бир соҳа янги технологик муваффақиятларга мос иш фаолиятини қайта кўриб чиқиши зарур. Геоахборот тизими – GIS барча тармоқ кадастрлари маълумотларининг ер кадастри базасида электрон тарзда оператив йиғилиши, тизимлаштирилган тарзда янгиланиб бориши ва фойдаланилишини таъминлаб беради.

photo_2018-01-18_09-21-32.jpg

Ҳозирги даврда ер мониторинги борасида тайёргарлик ишлари маълумотлар йиғиш, харитага тушириш, дала ишларида тегишли ҳажмдаги катта хариталарни далаларда очиб мўлжал олиш, ер аҳволини унга тушириш, ўлчов ишларини амалга ошириш, ўлчамларни харитага тушириш, ҳисоблаш, сарҳисоб қилиш ишлари бирмунча қийинчиликлар туғдиради ва кўп вақтни олади. Янги дастур эса шу бу жараёнларни автомат тарзда тезкор амалга ошириш имконини беради.

Дала шароитида катта ҳажмдаги харитани олиб юришга муҳтожлик қолмайди, мўлжал олиш муаммоси бўлмайди. Мутахассиснинг турган жойи, юрган йўли, йўналиши автомат тарзда навигатор томонидан кўрсатиб борилади. Лойиҳада харитани ҳоҳлаган масштабга келтириб фойдаланиш, агар ер аҳволида ўзгаришлар рўй берган бўлса, интернетга чиқмасдан лойиҳанинг ўзида ўрнатилган фазовий сьёмкадан фойдаланиш мумкин.

photo_2018-01-18_09-21-37.jpg

Далаларда юрган пайтда ўзгаришларни, майдонларнинг аҳволи ёки агротехник чоралар, уларга экилган экинлар тўғрисида маълумотларни киритиб бориш, далада GPS орқали электрон тарзда ўлчам ишларини олиб бориш, сўнгра ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириш, ҳаттоки, масофадан туриб марказлашган базага информацияни йиғиш, тегишли манзилга юбориш, маълумотларни ArcGIS, Mapinfo сингари махсус дастурларда қайта таҳлил қилиш имкониятлари бор.

Янги дастур соҳада шу кунгача фойдаланилиб келинаётган хорижий ускуналардан самарадорлиги билан ажралиб туради. Жумладан, айни пайтда иш жараёнида фойдаланилиб келинаётган ер ўлчашга мўлжалланган GPS Pro Mark-4, StoNEX ускунасида фазовий сьёмка, қишлоқ хўжалиги хариталарини жойлаштириш имкони йўқ. Уларнинг баҳоси бирмунча қимматлиги, катта ўлчамга эгалиги, оғирлиги ва қувватлаш кўп вақтни олиши билан ишлашда бир қатор қийинчиликлар туғдиради.

photo_2018-01-18_09-22-26.jpg

Дастур ҳозирги вақтда ҳар бир мутахассис фойдаланиб келаётган Android операцион тизимидаги телефон ускунасида ишлайди. Телефонлардаги бошқа дастурлар ёки уйинлар сингари осон бошқарилади, ўрганиш ҳам жуда осон.

Геоахборот тизими – GIS бевосита сунъий йўлдош орқали ҳамиша алоқада бўлиш имконини яратар экан, демак узоқ йўлга чиққан, таниш бўлмаган манзилга кетаётган оддий фуқаро ҳам уни телефонига ўрнатиб олиши мумкин. 

Хўш, дастур амалга татбиқ этилдими? Ундан барчамиз фойдаланишимиз мумкинми?

Мутахассисларнинг фикрича, бу дастурдан нафақат ер тузиш соҳасида, табиатни ҳимоя қилиш қўмитаси, ўрмон хўжалиги, сув хўжалиги, транспорт ва туризм соҳаларида ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Дастур ҳозирча тажриба сифатида ўрганилмоқда, тўлиқ фойдаланишга қуйилмади.

photo_2018-01-18_09-21-57.jpg

Дастур "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ва "Ўздаверлойиҳа" институти томонидан кўриб чиқилиб, расмий фойдаланишга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.

– "GIS" дастури ер тузиш соҳаси мутахассислари учун катта аҳамиятга эга, – дейди "Ўздаверлойиҳа" институти Қорақалпоғистон бўлинмаси гуруҳ бошлиғи Оразбай Ережепов. – Нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида катта янгилик бўлиши кутилаётган бу дастурнинг интернетга алоқа ўрнатиш мумкин бўлмаган дала майдонларида, денгизда хизмати бебаҳо. Яъни ускунанинг оффлайн ишлаши жуда аҳамиятлидир.

М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
ЎзА учун махсус

16 531