ЎзА Ўзбек

13.04.2015 20:36 Чоп этиш версияси

Очиқлик, ошкоралик ва ишончлилик

Ушбу уч таркибий қисм мамлакатимизда жорий этилаётган “Ижро интизоми” идоралараро мониторинг ва тезкор назорат тизимининг асосини ташкил этади

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиб бораётгани илгари кўп вақт, маблағ ва меҳнат талаб қилган жараёнларни оптималлаштириш имконини бермоқда. “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилгани самарасида айни пайтда аҳоли ва бизнес субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш жараёни сезиларли равишда соддалаштирилди. Бугун давлат ташкилотлари ўртасида ҳужжат айланиш борасида ҳам ахборот технологияларини жорий этиш давом эттирилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётгани бюрократияга қарши курашиш усулларидан биридир. “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш ҳам бунга замин яратмоқда. Бу давлат органлари, аҳоли, бизнес субъектлари ўртасида ва идоралараро ҳамкорликни анча енгиллаштирмоқда. Ушбу жараён Президентимизнинг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ижроси доирасида янада такомиллаштирилмоқда.

Бугунги кунда электрон ҳужжат айланиш тизими ишлаб чиқариш ва ҳужжат айланиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда тизимлаштиришда муҳим омил бўлаётир. Бу белгиланган вазифаларнинг бажарилишини тезлаштириш баробарида маблағ тежаш имконини ҳам бермоқда. Шу боис мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ўз фаолиятини фаоллаштириб, “E-hujjat” («UNICON.UZ» маркази), «IS-Docflow» («Intelligent Solutions” компанияси) каби замонавий дастурларни таклиф этмоқда.

Электрон ҳужжат айланиш тизими нафақат бир ташкилот, балки идоралараро даражада, жумладан, давлат секторида ҳам қўлланилмоқда. «UNICON.UZ» илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари маркази мутахассислари томонидан фойдаланилаётган инновацион маҳсулот – “Ижро интизоми” идоралараро мониторинг ва тезкор назорат тизими бу борада самарали восита бўлиб хизмат қилаётир.

Унинг асосий вазифаси давлат органларининг ички электрон ҳужжат айланиш тизимидан келиб тушадиган маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш жараёнларини марказлаштириш ва автоматлаштиришдан иборат. Давлат секторига ушбу тизимнинг жорий этилиши қарор, буйруқ ва фармойишлар, фуқароларнинг мурожаатлари ва бошқа ҳужжатлар ижросини тезкор мониторинг ва назорат қилиш имконини беради. Бунинг самарасида давлат тузилмалари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, уларнинг ижро интизомини оширишга эришиш мумкин.

Дастурий маҳсулотни ишлаб чиқишда маълумотлар махфийлиги ва яхлитлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Анъанавий қоғоз ҳужжат айланишидан фарқли равишда идоралараро мониторинг ва тезкор назорат тизими ҳужжатдан фойдаланувчилар ҳуқуқига мувофиқ фойдаланишни таъминлайди. Ҳужжат билан боғлиқ барча ҳаракатлар – ўқиш, ўзгартириш ва имзолаш реестрга киритилади.

Интернет тизими ёрдамида ишни узоқлашган режимда ташкил этиш имконияти тизимнинг яна бир қулайлигидир. Тизимга киришда фойдаланувчини идентификация ва аутентификация қилиш учун логин ва пароль билан бир қаторда электрон рақамли имзо ҳам талаб этилади.

Таъкидлаш жоизки, “Ижро интизоми” тизимида электрон рақамли имзодан фойдаланиш электрон ҳужжатларнинг юридик аҳамиятини оширади. Шу тариқа давлат ташкилотлари қоғоз сарфини камайтириш ва бюджет маблағларини тежаш имкониятига эга бўлади.

«UNICON.UZ» маркази маълумотларига кўра, ҳужжатларнинг деярли 100 фоизи электрон шаклда яратилмоқда. Шундай бўлса-да, уларнинг катта қисми мувофиқлаштириш, танишиш ва ишга тушириш учун ҳали ҳам қоғоз вариантда чиқарилмоқда. Бу борада яратилган қонунчилик ва технологик база идора ва ташкилотларга қоғоздан фойдаланишдан воз кечиш имконини бермоқда. Корхоналар ўртасида ҳужжат айланишини электрон шаклга ўтказиш харажатларни камайтириб, юз миллиардлаб маблағни тежашга ёрдам беради.

– “Ижро интизоми” идоралараро мониторинг ва тезкор назорат тизимига уланиш уч босқичда амалга оширилади, – дейди «UNICON.UZ» марказининг мижозлар билан ишлаш департаменти бўлими бошлиғи Аслиддин Роббинов. – Биринчи босқичда ушбу тизим вазирликлар, давлат қўмиталари ва хўжалик бирлашмаларида жорий этилди. Иккинчи босқичда 2015 йилнинг 1 январигача тизимга вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари уланди. Учинчи босқичда тизимга вазирлик ва идораларнинг туман бўлимларини улаш ишлари давом эттирилмоқда. Умуман, деярли барча вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари ўз бошқарув жараёнларига мазкур тизимни жорий қилмоқда.

Электрон ҳужжат айланиш тизимлари бозори жадал ривожланиб бораётир. Ушбу бозорда мамлакатимизнинг дастурий маҳсулот ишлаб чиқадиган тажрибали мутахассислари фаолият юритаётгани боис фойдаланувчилар сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва ишончлилигини янада таъминлаш, уларнинг аҳоли билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА
9 422