ЎзА Ўзбек

11.06.2019 16:16 Чоп этиш версияси

Наманганда телетиббиёт тизими жорий этилади

Наманганда телетиббиёт тизими жорий этилади

Телетиббиёт тизими нима? Ундан қандай фойдаланиш мумкин? Бу тизимнинг афзаллиги ва аҳамияти ҳақида биласизми?

Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раҳбари Р.Изамов бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Мазкур инновацион лойиҳа бемор ва шифокор ўртасида масофадан туриб мулоқот ўрнатиш, касалликка ташхис қўйиш ва даволаш ишларини олиб бориш, шунингдек, шифокорлар касбий маҳоратини оширишга қаратилган машғулотларни интернет тармоғи воситасида ташкил этиш имконини беради. Телетиббиёт тизимининг жорий этилиши билан беморлар хориждаги клиникаларга бориш учун сарфлайдиган вақт ва харажатлар тежалади. Улар энди шу ернинг ўзидан туриб хорижий мутахассисларнинг касалликлар ташхиси ва даволаш усуллари ҳақидаги маълумотларни олишлари мумкин бўлади.

Тадбирда тажриба тариқасида поликлиниканинг ўзидан туриб Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларидан бири билан боғланилди. Дастлабки беморнинг саломатлиги ҳақида электрон тарзда маълумот юборилиб, уни безовта қилаётган дардни даволаш бўйича тиббий маслаҳат олинди.

Мазкур лойиҳа биринчилардан бўлиб Наманганда жорий этилиши таъкидланди.

Акромжон САТТОРОВ, ЎзА
1 516