ЎзА Ўзбек

01.07.2020 Чоп этиш версияси

Наманганда робототеxника ва саноат дизайнерлари тайёрланади

Наманганда робототеxника ва саноат дизайнерлари тайёрланади

Ушбу лойиҳа Беларусь Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларуснинг 15 олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро муносабатлар йўлга қўйилган.

Эндиликда улар сони яна биттага ортди. Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Беларусь миллий техника университети ўртасида талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, қисқа муддатли стажировкалар ташкил қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, халқларимиз дўстлиги кўп йиллик тарихга эга. Сўнгги йилларда у янги босқичга чиқди. Ушбу Европа давлати IT йўналишида анчагина ютуқларга эришган.

Беларусь миллий техника университети 1920 йилда ташкил топган. Хорижий олий таълим муассасасининг тажрибаси ва юқори салоҳиятидан фойдаланиб Наманган муҳандислик-технология институтида “Саноат дизайни”, “Робототехника” йўналишлари бўйича 2+2 қўшма дастури йўлга қўйилади. Бундан кўзланган мақсад бизнес инкубаторлар ва билимлар узатиш офисларини яратиш, инновацион марказлар фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Лойиҳа жорий йилнинг август ойида тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилган.

Дастлабки ўқув йили учун 50 нафар талаба олинади. Қўшма таълим дастури асосида саноат дизайнерлари, трикотаж маҳсулотлари билан ишловчи текстиль муҳандислар, ахборот хавфсизлиги ва рақамли тизимлар билан ишлайдиган мутахассислар, робототехника соҳасидаги инженер-технологлар тайёрланади. Талабалар икки йил Наманган муҳандислик-технология институтида яна икки йил Беларусь миллий техника университетида ўқийди. Бу икки томонлама диплом олиш имкониятини беради. Магистратура босқичи бир йил бўлиб, хоҳлаган давлатда таълимни давом эттириш мумкин.

Бундан ташқари, ҳамкорликда инновацион марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий технологик паркларни ташкил этиш, фундаментал ва халқаро грантларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

10 643
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА