Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.12.2017 21:15 Чоп этиш версияси

Муваффақиятли стартап яратиш сири

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида беларуслик мутахассислар иштирокида ташкил этилган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда ғояларни муваффақиятли стартапга айлантиришнинг асосий босқичлари, АТ-лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети, Тошкентдаги Инҳа университети талабалари ва ўқитувчилари, журналистлар иштирок этди.

Инновациялар иқтисодиётни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлилигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Кичик фирмалар ва ҳозирда Ўзбекистонда шиддат билан ривожланиб бораётган стартаплар уларни ҳаракатга келтирувчи асосий куч ҳисобланади. Инновация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш барқарор ва мунтазам иқтисодий ривожланишнинг муҳим шартларидан биридир. Заиф ва яшашга яроқсиз ташаббуслардан воз кечиш учун стартапчилар илк босқичларданоқ ўз ғояларига жиддий талаб қўйиши зарур. Бунинг учун имкониятлар ва лойиҳа истиқболларини аниқлаш имконини берувчи яхлит мезонлар тизими мавжуд.

Семинарда стартаплар фаолиятини ташкил қилиш, ходимлар танлаш, рағбатлантириш, шунингдек, ғоя ёки маҳсулотнинг сўнгги кўриниши ҳақида сўз юритилди. Тингловчиларда, айниқса, фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар томонидан йўл қўйиладиган, ҳатто энг яхши инновацион ғоя билан ҳам муваффақиятсизликка учраш мумкин бўлган хатолар ҳақидаги маъруза алоҳида қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари томонидан инновацион ишланмалар яратишга ихтисослашган стартаплар илмий тадқиқотини амалга оширишнинг ўзига хосликлари ва тўсиқлари муҳокама қилинди, стартаплар ривожланиши учун молиявий маблағ жалб этишнинг турли йўл ва усуллари, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик АТ-корхоналар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари тақдим этилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
8 357