Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 20:04 Чоп этиш версияси

Минск шаҳрида Ўзбекистонда жорий қилинган “электрон ҳукумат” тизимининг тақдимоти ўтказилди

Минск шаҳрида ўтказилган Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг алоқа маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши ва МДҲ давлатларининг ушбу ташкилот ҳузуридаги Ахборотлаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида Ўзбекистонда ахборот- коммуникация технологиялари ва “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш бўйича тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, тадбирда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги вазирлик мутахассислари, “Ўзбектелеком” компанияси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети вакилларидан иборат мамлакатимиз алоқа маъмурияти делегацияси иштирок этган.

Тақдимот маросимида Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилишнинг мақсад ва вазифалари, мамлакатимиз давлат органларини ахборотлаштириш даражаси ва суръатларига оид, хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот тизимларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларини интеграциялаштириш ишлари қандай амалга оширилаётгани ҳақидаги маълумотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинган. Бундан ташқари, барча давлат органлари ахборот тизимларини бирлаштирадиган ва ташкилотлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш имконини берадиган идоралараро интеграция платформаси ҳам намойиш этилган. Бу борада тадбиркорлар, аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, давлат органлари кўрсатадиган хизматлар Интерфаол давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилмоқда. “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланувчилар шахсини аниқлаш учун Ягона идентификация – id.gov.uz тизими жорий этилган.

Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг (my.gov.uz) яқин вақтда ишга тушириладиган янгиланган ИДХЯП 2.0 кўринишини тақдим этиш имкониятлари хорижий мутахассисларнинг алоҳида эътиборини тортди. Мазкур тизим фойдаланувчилар талабидан келиб чиққан ҳолда, у ёки бу кўринишдаги хизмат турларини олиш имконини беради. Айни пайтда Ягона порталга 300 дан ортиқ давлат хизматларини тақдим этадиган 600 дан зиёд давлат муассаса ва ташкилотлари уланган. Тизим фойдаланувчи шахсий кабинетида унинг ёши, оилавий ва ижтимоий шароитидан келиб чиққан ҳолда (коммунал хўжалиги, автотранспорт, болалар, таълим, ижтимоий ҳимоя, фуқаролик ва онлайн-ариза) хизматларни таклиф этади. Тадбиркор шахсий кабинетида юридик шахснинг реквизитлари, коммунал хўжалик, солиқ солиш, статистика ҳисоботини тақдим этиш, автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш каби йўналишларда ахборот блоклари пайдо бўлади. Мазкур блоклар ахборот комплекс тизимлари ва марказлаштирилган маълумотлар базасига интеграциялаштирилади.

Масалан, тизимнинг солиққа оид блоги “Солиқ”, “Лицензия”, “Клиринг” ахборот тизимларига интеграциялаштирилади ва у орқали тадбиркорлар ортиқча тўланган солиқлар ва уларни онлайн-қайтариш, солиқ текширувларига оид долзарб маълумотлардан хабардор бўлиш, реал вақт режимида ҳисобот топшириш ҳамда назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлади.

Тақдимот маросимида халқаро мутахассислар Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ва “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш самарадорлигига юксак баҳо берди.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 321






Все о погоде - Pogoda.uz