Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2012 18:52 Чоп этиш версияси

Муқобил энергетика истиқболлари

Тошкентда “Қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва тенденциялар: паст ўлчамли функционал материаллардан инновацияларни бошқаришгача” мавзуида халқаро анжуман очилди. Тадбир Ўзбекистон физика жамияти томонидан Тошкентдаги Турин политехника университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда юртимиз олимлари, Япония, Италия, АҚШ ва бошқа давлатлардан мутахассис ва экспертлар қатнашмоқда.

Қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилиш Ўзбекистон иқтисодиётининг инновацион йўналишга ўтишининг муҳим устуворликларидан биридир. Сўнгги йилларда инсоният учун углеводород энергиясидан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” китобида электроэнергетика тизимини модернизация қилиш энергиядан оқилона фойдаланиш ва уни тежашнинг самарали тизимини жорий этишга қаратилган энг долзарб вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Ўзбекистон физика жамиятининг раиси Д.Матрасуловнинг таъкидлашича, анжуманнинг бош мақсади кам углеродли ва қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ҳамда тиклаш соҳасидаги илмий-амалий масалалар, бу борадаги устувор йўналишлар ва истиқболларни муҳокама қилишдан иборат.

Муқобил энергия сўнгги пайтларда жаҳон иқтисодиётидаги асосий йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Юқори самарали қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва уларни жорий қилиш Ўзбекистон учун ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида ушбу масалаларни ҳал этишга катта эътибор қаратилган.

Анжуманда айнан ана шу масалалар қизғин муҳокама қилинди.

– Энг янги технологиялар қайта тикланадиган энергия манбаларининг самарадорлигини ошириш имконини беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институти академиги Р.Зоҳидов. – Бу муаммолар ҳануз долзарблигича қолмоқда. Айтиш мумкинки, дунёда қайта тикланадиган энергетикага киритилаётган инвестиция маблағлари анъанавий энергетикага нисбатан кўпайиб бормоқда. Бу эса қайта тикланадиган энергетика катта истиқболга эга эканидан далолатдир. Қайта тикланадиган энергетика хусусида гапирар эканмиз, биз нафақат экологик жиҳатларни, энергетика хавфсизлигини, балки мавжуд ер ости бойликларини келажак авлодлар учун асрашимиз лозимлигини ҳам назарда тутмоқдамиз. Ўзбекистонда ушбу секторга устувор аҳамият берилаётир. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда Қуёш энергияси халқаро илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилганлиги ҳам бунинг тасдиғидир. Ўзимиздаги мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда, яқин келажакда барча саъй-ҳаракатларимиз ўзининг салмоқли натижаларини беради, деб ишонаман.

Маърузалар ва мунозаралар мавзулари учинчи авлод қуёш элементлари, термоэлектр, водород энергетикаси, биогаз, кичик гидроэлектростанциялари, муқобил энергетиканинг экологик жиҳатлари каби йўналишларни ҳам қамраб олади.

– Муқобил энергетика дунё миқёсида тобора устувор аҳамият касб этмоқда, – деб таъкидлади Аргон миллий лабораторияси (АҚШ) эксперти Сет Дарлинг. – Бу, аввало, дунёда энергия истеъмолининг тўхтовсиз ортиб бораётгани билан боғлиқ. Ўз навбатида, муқобил энергия манбаларини қидириш, топиш ва улардан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу борадаги тадқиқотларни молиялаштириш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз катта истиқболга эга эканига ишончимиз комил. Негаки, юртингизда бу соҳада катта салоҳият ва ресурслар захираси мавжуд.


ЎзА, Адҳамбек Рашидбеков
12 956