ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Мобил қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш , техноген ахлоқ ва қарамлик...

Мобил қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш , техноген ахлоқ ва қарамлик...

Телеграмингизга келган хабарни кўриш учун ақлли телефонингизнинг қулфини очасиз ва турли гуруҳлардан келган хабарларга кўз югуртириб чиқасиз ва ўзингизга тегишли хабарларга жавоб берасиз, қолганларини эса маълумот сифатида "ҳазм қиласиз". Шу аснода техноген дунё даврида яшаётганингиздан фахрланасиз ва бундан бор-йўғи 40-50 йил аввал одамзод бу техника мосламаларсиз қандай яшаганини тасаввур қиласиз.

Мавзумизни жамиятимизнинг кичик бўғини бўлмиш оиламиздан бошласак. Фарзандларимизга планшет ёки телефонни четга суриб қўйиши ҳақида кун давомида бир неча бор огоҳлантирамиз. Хўш, улар бу каби буйруқ ва огоҳлантиришларга дарҳол амал қилишадими? Йўқ албатта, чунки оҳанрабодек ўзига жалб этаётган смартфонлару, планшетлар бунга йўл қўймайди. Мобил қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болалар саломатлигига зарар етказиши мумкин, чунки улар мобил қурилмалардан қанчалик кўп фойдаланса, жисмоний ҳаракатлар шунчалик кам бўлади. Бундан ташқари, уларда ўйинлар таъсири остида кўпинча онгсиз равишда ҳаракатлар, овқатланиш рационининг бузилиши ва бошқа зарарли одатлар орттириб олиниши мумкин. Болалар ушбу экранлар олдида кўпроқ вақт сарфлашар экан, ташқарида ўйнаш, югуриш ва қабул қилинган калорияларни ёқиш учун камроқ вақт сарфлайди. Вақт ўтиши билан бу одатлар жиддий вазн ортишига ва соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларга олиб келиши мумкин.

Тан олишимиз керак, ўзимиз билмаган ҳолда кўпчилигимиз аллақачон технология, интернет ёки ўйинларга одатланиб бўлганмиз. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, биз смартфонларимизга бир кунда ўртача 3 соату 15 дақиқа вақт сарфлар эканмиз. Бундан ташқари, компьютер, планшет ва телевизорга сарфлаган вақтимизни ҳисобга олсак, бу кўрсатгич, ўртача 10 соатни ташкил этишини олимлар таъкидлашмоқда.

Фарзандларимиз ва ўзимизни бундай зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Келинг, аввало технологияларга қарамлилик нима эканлигига қизиқиб кўрсак.

ТЕХНОЛОГИЯЛАРГА ҚАРАМЛИК, БУ НИМА?

Технологияларга қарамлилик: бу компьютер, интернет, видео ўйинлар ва мобиль қурилмалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш натижасида, инсон технологиянинг зарарли таъсирига дучор бўлишидир. Смартфон, планшет ёки компьютер шубҳасиз ҳаётимизнинг жуда катта самарали воситалари ҳисобланса-да, баъзан улардан фойдаланиш иш, мактаб, соғлиқ ва маънавиятимизга жиддий таъсир қилишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Гоҳида руҳий тушкунлик одамларни интернетга ва технологияга қарамликка олиб келади. Интернетда ўтказиладиган қизиқарли вақт одамларнинг қайғусини бироз унутишига олиб келади. Муаммоларнинг олдини олиш учун интернет ва технологияларга кўпроқ вақт сарфлайдиган одамлар доимо технологияга қарам бўлиб қолади.

Aлбатта, технология аслида муаммонинг асосий манбаи эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, бундай муаммоларнинг сабаби технологиядан ҳаддан ташқари (онгсиз) равишда фойдаланиш ҳисобланади. Техноген цивилизациянинг инсон манфаати учун фойда келтиришини ҳеч ким рад этмайди. Бундан ташқари, технологиядан тўғри маънода фойдаланиш, ҳеч кимга зарар келтирмайди ва аксинча фойдали ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашув даврига келиб фан ва техника ютуқларининг изчил қўлланилиши ва равнақ топиши, айниқса ёшлар ижтимоий ҳаётида янги сифат ўзгаришларини вужудга келтирди. Бундай сифат ўзгаришлари мамлакат иқтисодиётини янада такомиллаштириш – давр талаби даражасидаги вазифа қилиб қўймоқда. Оқибатда технодетерминистик концепция техникани ҳар доим инсонга ижобий таъсир кўрсатишини ишончли асослайди. Илмий тараққиёт ва техника ютуқлари инсонга кўплаб сирларни очиб, уни улкан миқдорда моддий бойлик билан таъминлайди.

Техноген цивилизация айни кунда ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бўлган. Техник воситалар орқали биз яқинларимиз, дўстларимиз, қариндошларимиз, билан узоқда туриб бемалол суҳбатлаша оламиз, интернет орқали турли хил маълумотларни топа оламиз. Энг бахтли онларимизни суратга, тасвирга олишимиз мумкин, жуда кўп маълумотларни телефон хотирасига юклаб олиб, бу маълумотларни бемалол бошқа кишиларга етказиб берамиз, ҳаттоки ер шарининг бир бурчагида туриб иккинчи бурчагидаги одам билан қандай воқеалар юз бераётганини билиш имкониятига эгамиз. Умуман олганда, техноген жамият ҳаётимизни анчагина енгиллаштирди. Хусусан таълим жараёнида айни кунларимизда исботини кўришимиз мумкин. Интернет технологиялар: масофадан ўқитиш, электрон кутубхоналар, телемедитсина, телеметрология, электрон тадбиркорлик, электрон магазинлар ва бошқалар. Хусусан таълим тизимида пандемия шароитида сезиларли ўзгаришлар рўй берди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб муаммоларни бартараф этиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилишимиз лозим:

Биринчидан, барча замонавий техник воситалардан фойдаланишда ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қатъий вақт меъёрига амал қилиш ва ота-оналарнинг технологиялардан фойдаланиш маданиятининг, хатти-ҳаракатларининг фарзандларга салбий таъсир этмаслигини назорат қилиш.

Иккинчидан, техник воситалардан фойдаланиш оралиғида мусиқа эшитиш, газета ва журнал мутолаа қилиш, китоб ўқиш, ёки шеър ёдлаш, жисмоний ҳаракатли ўйинлар ўйнаш мақсадга мувофиқ. Чунки, шеър ёдлаш инсон хотирасини мустаҳкамласа, китоб ўқиш унинг бадиий савиясини, нутқини равон қилса, жисмоний ҳаракатлар эса уларнинг ортиқча вазн орттирмасликларига сабаб бўлади ва ҳоказо.

Учинчидан, ҳозирги кунда ёшларнинг онгини «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ҳимоялаш мақсадида компьютер саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатишдан ва уларни ёлғиз ва эркин интернетда ишлаш мумкин бўлган хоналарда қолдирмаслик, уларнинг интернетдан смартфонлардан фойдаланиш одатларини кузатиб бориш, ва шу тарзда, биз хавфли вазиятлар ҳақида хабардор бўлишимиз мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, таълим-тарбия самарадорлигини оширишда техноген цивилизация ютуқларини қўллаш зарурияти ижтимоий фаол, ҳар томонлама ривожланган шахсни тарбиялашни бош мақсад қилиш, барчамизнинг муқаддас вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Отабек ЙЎЛДОШEВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

17 783
ЎзА