ЎзА Ўзбек

15.04.2015 18:21 Чоп этиш версияси

Миллий оператор фаолияти кўлами кенгаймоқда

Ўзбекистон мобиль алоқа миллий оператори – “UZMOBILE” Тошкент шаҳри ва вилоятида GSM тармоғини ишга туширди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х.Мирзоҳидов, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси бош директори А.Абдумўминов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматларининг сифати ва ишончлилигини ошириш, улардан фойдаланишни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2014 йил 12 февралдаги “Мобиль алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қарорга мувофиқ, мобиль алоқа миллий оператори уяли алоқа бозорида фаол иштирок этиш, уни янада ривожлантиришни таъминлаш, мамлакатимизда юқори тезликда маълумотлар узатишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби вазифаларни ўз зиммасига олган.

– Мамлакатимизда GSM стандартида хизмат кўрсатадиган мобиль алоқа операторлари сони тўрттага етди, – дейди “UZMOBILE” мобиль алоқа миллий операторининг савдо хизмати бошлиғи Б.Абдуваҳобов. – Бугунги кунда ушбу йўналишда рақобат кучайиб бораётгани боис абонентларни сифатли ва арзон хизматлар билан таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Айни пайтда Тошкент шаҳри ва вилоятида 40 савдо офиси иш бошлади. Жисмоний шахслар ва корпоратив мижозлар учун мўлжалланган қулай ва арзон тариф режалари ишлаб чиқилган. Абонентлар овозли ва тезлиги секундига 21 мегабитгача етадиган маълумотлар узатиш хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси филиали – “UZMOBILE” CDMA 450 технологиясида уяли алоқа хизматларини тақдим этиш борасида бой тажрибага эга. Ушбу стандартдаги тармоқлар мамлакатимиз ҳудудининг 85 фоизини қамраб олган бўлиб, 160 дан ортиқ савдо офисида мижозларга хизмат кўрсатилмоқда. Бу борадаги ишлар кўлами кенгайиб, “UZMOBILE” GSM тармоқларини барпо этиш ишлари жадаллашмоқда.

2016-2017 йилларда мамлакатимиз бўйича 2G/3G ва 4G технологияларини жорий этиш орқали тармоқларни кенгайтириш режалаштирилган.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА
12 446