ЎзА Ўзбек

06.05.2015 19:59 Чоп этиш версияси

Маданий мерос объектлари – миллий сайтларда

Мамлакатимизда ахборот узатишнинг миллий тизими ва қулай ахборот маконини шакллантириш, замонавий, ишончли ва хавфсиз маълумотлар базасини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар ахборот хизматлари бозорини ривожлантириш, миллий маълумотлар базаси ёрдамида халқаро ахборот тармоқларига кириб боришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Халқимизнинг бебаҳо меросини миллий сайтларга жойлаштириш, шу орқали навқирон авлодга тўлиқ маълумот бериш, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини юксалтириш мақсадида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги UZINFOСOM маркази томонидан “ZiyoNET” тармоғида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг маданий мероси” бўлими шундай лойиҳалардан биридир.

Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида бўлиб ўтган тадбирда ушбу янги ресурс бўлими, унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур бўлимда юртимизнинг тарихий-маданий ёдгорликлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, замонавий бунёдкорлик иншоотлари, қадамжолар хусусидаги маълумотлар уч тилда мунтазам бериб борилади. Ушбу манбани бойитиш мақсадида “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” акцияси ҳам ўтказилмоқда. Ушбу акцияда фойдаланувчилар ўз яшаш ҳудудига хос бўлган моддий ва номоддий мерос объектлари ҳақида маълумот, сурат ва видеотасвирларни тақдим этиши мумкин. Уч босқичда ўтадиган мазкур лойиҳа интернет ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Бўлим мавзу ва моҳиятига кўра турли йўналишлардан иборат, – дейди UZINFOСOM маркази етакчи мутахассиси Бахтиёр Носиров. – Таклиф билдирувчи ўз маълумотларини белгиланган тартибда, “Янги объект таклиф қилиш” махсус шакли орқали жойлаштириш имкониятига эга. Илк бор ўтказилаётган ушбу акцияда таклиф этилган моддий ва маънавий мерос намуналари иштирокчилар ҳамда мутахассислар томонидан танлаб олинади.

Янги бўлим ва акциядан кўзландан мақсад битмас-туганмас ахборот макони, электрон дўкон, кутубхона вазифасини бажарувчи интернетнинг миллий талаблар асосида яратилган тармоқлари орқали кўҳна маданиятимиз, тарихимиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга оид манбаларни ёшларга етказишдан иборат. Шу билан бирга, навқирон авлод қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш, узлуксиз таълим орқали олган билимларини янада мустаҳкамлашдир. 

Тадбирда моддий ва номоддий меросимизни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ёш авлодни тарихимизга эҳтиром руҳида камолга етказиш, эзгу қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир доирасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида “Менинг бобом, бувим – маҳалламиз фахри” мавзусида энг яхши иншолар танлови ҳам эълон қилинди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
10 961