ЎзА Ўзбек

16.04.2015 18:32 Чоп этиш версияси

Маҳаллий маҳсулот ва лойиҳалар намойиши

Маҳаллий маҳсулот ва лойиҳалар намойиши Навоийда ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида илмий-тадқиқот институтлари, тажриба-конструкторлик муассасаларининг 200 дан ортиқ инновацион технология, ишланма ва ғоялари намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ярмарка илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик муассасалари ўртасида тажриба алмашиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, ишлаб чиқарувчиларга кўплаб шартномалар тузиш имконини берди.

– Президентимиз ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган ярмаркада ишлаб чиқарувчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг янги инновацион ғоя ва лойиҳалари билан танишдик, – дейди Навоий давлат кончилик институти технологик жараёнларни ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқарув кафедраси доценти Одил Жумаев. – Институтимиз олимлари ва талабалари ҳам шаҳар кўчаларини ёритишда муқобил электр манбаидан унумли фойдаланиш лойиҳаси билан иштирок этди. Навоий кон-металлургия комбинати корхоналари учун мўлжалланган инновацион ишланмалар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Ярмаркада банк хизматининг қулай турлари, қишлоқ хўжалиги, қоракўлчиликни ривожлантириш ва тери сифатини яхшилаш бўйича илмий изланишлар ҳамда маҳаллийлаштириш дастури асосида рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш каби тажрибалар иштирокчиларга манзур бўлди.

– Кончилик саноати, қишлоқ хўжалиги ҳамда фармацевтика учун хомашё етказиб берувчи корхонамиз кўргазмада янги маҳсулот тури билан иштирок этди, – дейди Кармана туманидаги “Bentonite” масъулияти чекланган жамияти лаборатория бўлими бошлиғи Тоймас Мадатов. – Металл қуядиган қолиплар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган махсус бентонит кукуни хориждан олиб келинади. Корхонамизда ана шу маҳсулотни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги маҳсулотимиз импорт ўрнини бемалол босади.

Кўргазмада ишлаб чиқарувчилар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланди.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
8 402