ЎзА Ўзбек

21.05.2019 15:27 Чоп этиш версияси

Ласо хоним: "Бундай мажмуанинг бири Францияда бўлса, иккинчиси Ўзбекистонда"

Ласо хоним: "Бундай мажмуанинг бири Францияда бўлса, иккинчиси Ўзбекистонда"

Тошкент вилоятидаги Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида қуёш энергиясини қўллаш соҳасида илмий-экспериментал тадқиқотлар олиб бориш учун салмоқли тажриба тўпланган. Бу ерда қатор хомашё ҳамда саноат чиқиндилари негизида мустаҳкам керамик материаллар тайёрланади. Улар тиббиёт, нефть, газ, енгил ва электротехника саноати учун зарур буюмлар ишлаб чиқариш технологияларини яратишда қўлланилади.

Куни кеча БМТ эксперти Пилар Альварез-Ласо хоним ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. Улуғбек Қосимхўжаев мазкур бирлашманинг Материалшунослик институтида бўлди. Уларга Тошкент вилояти туризмни ривожлантириш департаменти мутасаддилари “Катта Қуёш сандони” қурилиши бўйича қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

photo5409157434527820362.jpg

Хусусан, мазкур қурилма учун денгиз сатҳидан 1100 метр баландликдаги ҳозирги жой танланиб, ер майдони портлатилади. Сўнгра 30 метр чуқурликдан темир-бетон асосли пойдевор қўйилиши, концентратор ва технологик минора жойлашган иншоот 60 метр баландликда барпо этилгани, унинг тепасига лифт ёрдамида чиқилиши кабилар.

– Қуёшли кунлар 280 кунни ташкил этадиган бундай мажмуа дунёда фақат иккита, – дейди Пилар Альварез-Ласо хоним. – Бири Францияда бўлса, иккинчиси Ўзбекистонда. Бироқ, яқин-яқингача ушбу ноёб объектга кириш учун махсус рухсатнома керак эди. Ҳозирда эса мазкур объектнинг барча учун эшиклари очиқ. Аслида бу объект хорижлик сайёҳлар учун ҳам қизиқарли маскан ҳисобланади. Бу жойлар туристик маршрутга киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

photo5409274171738925720.jpg

Қайд этиш жоизки, авваллари ҳарбий мақомга эга бу бинода космик қурилмаларнинг сиртқи қопламалари ва ҳарбий техникалар синовдан ўтказилган. Шунингдек, қуёш юзасининг кўп мақсадли кузатувлари олиб борилган, тиббиёт, нефть-газ ва тўқимачилик саноати учун ишланмалар амалга оширилган.

Айни вақтда мазкур қурилма яқинида беш юлдуз меҳмонхона қурилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, айниқса, илмий туризм вакиллари учун қўшимча қулайликлар яратишни таъминламоқда.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА
4 464