Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Киберхавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашув

Пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро анжуманда ахборот хавфсизлигини таъминлашга комплекс ёндашув масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Nihol” компаниялари гуруҳи томонидан ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, ахборот технологиялари соҳаси бўйича юртимиз ва хорижлик мутахассислар, олимлар, Япония, Россия ва АҚШнинг дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ишлаб чиқариш, молия, ижтимоий соҳалар, бошқарув тизимларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишни назарда тутадиган таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш орқали миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Бугунги кунда мамлакатимиз банклари ташқи алоқалар учун тобора очиқ бўлиб бормоқда, пластик карталар билан ишлаш фаоллашиб, банкоматлар тармоғи кенгаймоқда. Ушбу жараёнда банк секторидаги киберхавфсизликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу боис, анжуманда банк соҳаси вакилларига ахборот хавфсизлигини таъминлашга комплекс ёндашув бўйича янги имкониятлар тақдим этилди. Етакчи тадқиқот ва консалтинг компаниялари, ахборот хавфсизлиги комплекс тизимларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи корпорациялар мутахассислари ўзларининг илмий изланиш ва маърузаларини намойиш қилди.

IDC Халқаро тадқиқот ва консалтинг компанияси маълумотларига кўра, йил сайин давлат ташкилотлари ва тижорат банклари фаолиятига сезиларли равишда зиён етказиши мумкин бўлган зарарли дастурлар юзага келмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларида тижорат ва давлат ташкилотларига ҳужум қилаётган компьютер вируслари ахборот технологиялари инфратузилмасининг бунга ҳали тайёр эмаслиги ва заифлигини кўрсатди. IDC таҳлилчиларининг фикрича, 2020 йилга келиб дунёнинг 60 фоиз мамлакати нашр этилган киберхавфсизлик доктринасига эга бўлади, келаси йил эса жаҳоннинг аксарият йирик компаниялари ўз хавфсизлик тизимлари архитектурасини қайта барпо этади. Шу боис, юртимизда ахборот тизимлари муҳофазаси, ахборот хавфсизлигини комплекс ривожлантириш масалалари устувор ва долзарб аҳамият касб этмоқда.

Анжуман доирасида дунёнинг етакчи IT-компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган техник ечимлар, ишланмалар, дастурий таъминот маҳсулотлари, ускуналар ва тизимлар тақдимоти бўлиб ўтди. Мамлакатимиз мутахассислари ва уларнинг хорижлик ҳамкасблари қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди, тажриба ва фикр алмашди. Ўзбекистонда ахборот хавфсизлиги тизимларини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 744






Все о погоде - Pogoda.uz