Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 19:20 Чоп этиш версияси

Кибер таҳдидлар ва буюмлар интернети

Пойтахтимизда давом этаётган «ICTWEEK Uzbekistan – 2017» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Халқаро электралоқалар иттифоқининг «IoT» буюмлар интернети соҳаси кибер хавфсизлигининг муҳим масалаларига бағишланган ҳудудий семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқаро электралоқалар иттифоқи томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Молдова, Украина, Қозоғистон, Россиядан олим ва мутахассислар, «Cisco», «ZTE», «Huawei», «Microsoft», «Softline» компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

Илмий-техник тараққиёт интернет-технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш имконини беради. Ҳозирги вақтда электр жиҳозларининг сўнгги моделларига интернет тармоғига уланиш имконини берувчи ускуна ва мосламалар ўрнатилмоқда. Бу жиҳозларни лойиҳалаш ва фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мажбурий талаблардан биридир. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда электрон ускуна ва тизимлар кибер хавфсизлигини ошириш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Семинарнинг биринчи кунида кибер хавфсизлик масалаларида давлат ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти хақида сўз юритилди. Ахборот хавфсизлиги бутун дунёда АКТ барқарор ривожланишининг муҳим тамойилларидан бири экани тан олинган. Ҳар бир давлатда кибер таҳдидларга қарши курашувчи механизм ва ташкилотлар шакллантирилган ёки шакллантирилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 29 августдаги «Ахборот-комммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази ташкил этилди. Марказнинг вазифаси ахборот хавфсизлигига рахна солаётган замонавий таҳдидлар ҳақида маълумот йиғиш, уларни таҳлил қилиш ва сақлаш, давлат ташкилотларининг ахборот тизимлари, маълумотлар захираси ва базасига ноқонуний киришнинг олдини олишга қаратилган самарали ташкилий ва дастурий-техник ечимларни қабул қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдир. Зеро, ҳеч қандай чегара мавжуд бўлмаган интернет оламидаги кибержиноятлар тобора халқаро тус олмоқда. Бу таҳдидларга қарши курашиш учун Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида халқаро хавфсизлик тизимига қўшилди.

Семинарда, шунингдек, танқидий ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш усуллари ҳамда кибертаҳдид билан курашишда миллий даражадаги ҳамкорликнинг аҳамияти муҳокама этилди. Хорижлик мутахассисларнинг ахборот хавфсизлиги мавзусидаги маърузалари тингланди. Жумладан, интернет тармоғига уланиш, тизимларни бошқариш имконига эга гаджет, қурилма ва мосламаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Мутахассислар даладаги тадқиқотлар, лаборатория синовлари ҳамда хакерлик ҳужуми симуляцияси ҳақида сўзлаб беришди.

– Биз Ўзбекистон билан телекоммуникация соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик борасида катта тажрибага эгамиз, – дейди Халқаро электралоқалар иттифоқининг МДҲ мамлакатлари ҳудудий бўлими дастури координатори Фарид Нахли. – Мазкур семинар «IoT» буюмлар интернети соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун турли давлатлардан ҳар хил йўналиш мутахассислари ва олимларини йиғиш имконини берди. Ишончим комил, бу кибер таҳдидга қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик даражасини оширишга хизмат қилади. Семинар доирасида замонавий телекоммуникация тармоқлари хавфсизлиги, киберхавфсизлик соҳасида истиқболли технологиялар ва инсон салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 377






Все о погоде - Pogoda.uz