ЎзА Ўзбек

05.10.2012 18:49 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар учун яна бир қулайлик

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 мартда қабул қилинган "Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида давлат органларининг расмий сайтларини ривожлантириш, самарадорлигини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қўмитанинг ахборот маркази ташкил этилиб, веб-сайтининг янги, такомиллаштирилган варианти яратилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида ушбу веб-сайт тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Г.Алимова, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, турмуш шароитини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва маънавиятини бойитиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар самараларини хотин-қизларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий билимини бойитишда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда қўмитанинг www.wcu.uz расмий веб-сайти модернизация қилинди. Кўплаб янги саҳифа ва рукнлар ташкил этилди.

Жумладан, сайтнинг бош саҳифасида юртимиз ва хориж ҳаётига оид янгиликлар, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги ахборотлар мунтазам бериб борилади. Маданий-маърифий, тиббий-ижтимоий, ҳуқуқий мавзулардаги материалларга кенг ўрин берилади.

Янги веб-сайтда мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва жавоб йўллаш тартиби жорий этилгани хотин-қизларга кенг қулайликлар яратади. “Сайт меҳмони” рукнида турли соҳаларда фаол меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳаёти ва фаолияти, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳақида маълумотлар бериб борилади.

Йиғилишда сайтни янада такомиллаштириш, унинг хорижий тиллардаги ва мобиль версияларини яратиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Табирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди. 


ЎзА, Б.Хидирова
23 725