ЎзА Ўзбек

18.12.2018 20:12 Чоп этиш версияси

Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитасининг энди Ўзбекистонда ҳам расмий вакили бор

Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитасининг энди Ўзбекистонда ҳам расмий вакили бор

18 декабрь куни Филиппиннинг Манила шаҳрида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси – “IROC” (International Robot Olympiad Committee) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати бизга хабар берди.

Маълумки, жорий йилнинг 23-26 октябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “International Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси ташкил этилганди. Шу муносабат билан Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси мусобақанинг асосий ташкилотчиларини “IRO” (Халқаро робототехника олимпиадаси)нинг финал босқичига таклиф этган эди. Ушбу олимпиада доирасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига кўра “IROC” Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитасининг Ўзбекистондаги расмий вакили Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази бўлишига келишилди. Шунингдек, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази “IROC” Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитасининг ҳудудий мусобақасини ўтказиш имтиёзига эга бўлиб, Ўзбекистондан миллий терма жамоани саралаб олиб, халқаро олимпиадада иштирокини таъминлайди, “IROC” нинг халқаро олимпиадасини келгусида Ўзбекистонда ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу лойиҳадан асосий мақсад Ўзбекистонда робототехника соҳасини оммалаштириш, ёшлар ўртасида инновацион технологияларга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларда ижодий тафаккур ва яратувчанлик қобилиятини ривожлантириш хамда юртимизга хориж мамлакатларидан иқтидорли ёшларни кенг жалб қилишдан иборат.

Маълумот учун: “IRO” (халқаро робототехника олимпиадаси) 1999 йилдан буён хар йили мунтазам ўтказиб келинаётган халқаро робототехника олимпиадаси бўлиб, бутун дунё бўйлаб 50 000 нафар иштирокчиларни қабул қилади.

ЎзА
6 321