ЎзА Ўзбек

29.09.2017 12:29 Чоп этиш версияси

Хакер бўлишдан фойда йўқ

Тошкентдаги Инҳа университетида бўлиб ўтган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда ахборот хавфсизлиги, кибертаҳдидларга қарши курашиш механизмлари ва виртуал жиноятчиларни қидириш услубларига оид сўнгги ишланмалар намойиш этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, киберхавфсизлик соҳасидаги маҳаллий ва хорижий компаниялар, “Kaspersky lab” компанияси вакиллари, ахборот технологиялари бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Дунёда кибержиноятчилик ўсиши билан бирга, виртуал жиноятчилардан ҳимояланиш услублари ҳам такомиллашаётгани таъкидланди. Бугунги кунда мамлакатимиз давлат органлари ахборот тизимларини ишлаб чиқишда уларни кўп босқичли ҳимояловчи ҳамда ҳар қандай санкцияланмаган фойдаланишга барҳам берадиган энг янги техник ишланмалар қўлланилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 августдаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази иш бошлади.

Семинар давомида мутахассислар томонидан жиноятчилар хакерлик ҳужумларида қўллайдиган услуб ва стратегиялар, уларнинг интернет фойдаланувчилари орқали қабул қиладиган ахборотни монетизациялаш бўйича стандарт усулларига оид малумотлар тақдим этилди. Шунингдек, йирик ташкилотларга қаратилган энг кўп тарқалган киберҳужумларнинг сценарийлари ҳақида аниқ мисоллар билан атрофлича сўзлаб берилди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг жиноятчи шахсини аниқлаш мақсадида ўтказадиган тергови жараёнида қўллайдиган услуб ва воситалари тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Хусусан, хакер жойлашган манзилни аниқлаш имконини берадиган турли дастурлар намойиш этилди. Бундан ташқари, мутахассислар хакерлар кўпинча интернет тармоғида қолдирадиган излар, шу ва бошқа қўшимча аломатлар орқали жиноятчиларни топиш масалаларини муҳокама қилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
9 055