Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2017 16:05 Чоп этиш версияси

Кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда

Ўзбекистон телекоммуникация тармоғини жадал рақамлаштириш асносида юқори тезликда ахборот узатиш имконини берадиган сифатли ва оммабоп телекоммуникация ускуна ва мосламаларига талаб ортмоқда.

Шу мақсадда мамлакатимизда янги юқори технологик ишлаб чиқаришлар ташкил этилиб, мавжуд корхоналар маҳсулотлари тури кенгаймоқда. Бу борадаги барча чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Унда юртимиз телекоммуникация тизимини кенг кўламда модернизация қилиш, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Алишер Назаровнинг айтишича, компания томонидан мамлакатимиз ахборот-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борада маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юқори технологик маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан “Навоий” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналарида бешта ана шундай корхона ташкил этилган. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нафақат корхона ва ташкилотлар, аҳоли орасида ҳам талаб юқори. Айни пайтда ушбу корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 15 фоизни ташкил этмоқда. Яқин орада маҳаллий хомашё асосида бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий ускуналарни жорий этиш орқали маҳаллийлаштириш ҳажми 40 фоизга етказилади. Бу маҳсулот таннархини камайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

– Компаниямиз етти йиллик фаолияти давомида телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқариш бўйича бой тажриба орттирди, – дейди “Telecom Innovations” қўшма корхонаси раҳбари Ф.Алиев. – Ҳозирги кунда корхонамизда модем, роутер, сетопбокс ва телевизорлар учун рақамли тюнерларнинг қатор нусхалари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар йили 140 мингтагача ана шундай мосламалар ишлаб чиқармоқдамиз, уларнинг ҳар бири ўзбек тилидаги интерфейсга эга. Оптик кабеллар учун муфта ва мосламаларимиз учун корпуслар ишлаб чиқариш учун йилига 20 минггача муфта ишлаб чиқариш имконини берувчи янги ускуна харид қилдик.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан чекка туманлар аҳолисининг ҳам кенг полосали интернетдан фойдаланишини оширишга оид дастур ишлаб чиқилган. 2021 йилга қадар узунлиги 270 минг километрдан ортиқ оптик толали линия ётқизиш режалаштирилган. Шу мақсадда пойтахтимизда оптик толали кабель ишлаб чиқарадиган янги завод қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари, ишлаб чиқариш ускуналари етказиб берувчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Янги завод 2019 йил бошида ишга туширилиши режалаштирилган.

Маҳаллий корхоналар оптик толали алоқа линияларини монтаж қилиш учун зарур бўладиган мослама ва қурилмалар ишлаб чиқаришни ҳам фаол йўлга қўймоқда. Импорт ўрнини босувчи телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқариш мамлакатимиз ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, аҳолининг кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
2 192






Все о погоде - Pogoda.uz