ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

“Ижтимоий инновациялар лабораторияси” – бу нима?

“Ижтимоий инновациялар лабораторияси” – бу нима?

Бугун Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учрашуви – “Ижтимоий инновациялар лабораторияси” бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда Марказий Осиё давлатларида фаолият юритаётган 80 га яқин соҳа мутахассислари, шунингдек жамоатчилик кенгаши экспертлари иштирок этди.

“Ижтимоий инновациялар лабораторияси” – ННТлар ўз фаолиятида қўллаши мумкин бўлган, муҳим ижтимоий ўзгаришларга хизмат қилувчи инновацион услублар, инструмент ва ёндашувларни ўрганиш ҳамда тарғиб этишга хизмат қилувчи платформа ҳисобланади. Унда лаборатория иштирокчилари инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлди, ижтимоий инновациялар бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қилди ҳамда ўзларининг лойиҳавий ғояларини амалга ошириш юзасидан экспертлар фикри билан танишди.

Ижтимоий инновациялар лабораторияси очилишида «Инновациялар ўзи нима?» мавзусида мунозара бўлиб ўтди. Тадбирда иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўз фаолиятида жорий этилган инновацияларни намойиш этди. Хусусан, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда муваффақиятли жорий этилган ишлар тақдимоти ўтказилди. Кун якунида эса гуруҳлар лойиҳа ғоялари тақдимотини ўтказиб, бошқа иштирокчилар ва мураббийлар томонидан муҳокама қилинди.

Лаборатория иштирокчилари юзага келган муаммоларнинг янгича кўринишини ҳал этиш, аҳолини ижтимоий муаммоларга ечим топишга жалб қилиш ва замонавий ижтимоий ташаббусларни ишлаб чиқиш борасида кўникмаларга эга бўлишди.

- Бугунги кунда ижтимоий тадбиркорлик жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Мулоқот жараёнида қозоғистонлик ҳамкасбларимиз томонидан амалга оширилган инновацион услубларни ижтимоий тадбиркорлик жараёнида қўллаш усуллари юзасидан фикр алмашдик. Гуруҳлар билан ишлаш жараёнида ўзимизда мавжуд ижтимоий лойиҳаларимизга оид тажрибаларнинг ўзига хос жиҳатларини дунё миқёси ва қўшни ҳудудларда қўлланилаётган ижтимоий лойиҳаларга қиёслаш имкониятига эга бўлдик ҳамда келгусида уларни қай даражада қўллаш мумкинлиги хусусида янги ғоялар пайдо бўлди, - Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги жамоатчилик кенгаши эксперти Дилдор Алимбекова.

Эслатиб ўтамиз, “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРГО) томонидан ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) кўмагида амалга оширилиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, давлат идоралари ва бизнес ҳамжамияти ўртасида самарали ва конструктив ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш орқали фуқаролик жамиятининг ролини янада оширишга қаратилган. Икки йилга мўлжалланган дастур мамлакатда фуқаролик жамияти ривожи ва жамоатчилик бошқарувига фуқароларни кенг жалб қилишда амалий механизмларни тадбиқ этишга қаратилган.

15 426
ЎзА