ЎзА Ўзбек

15.11.2019 Чоп этиш версияси

IT-парк ҳамкорлик чегараларини кенгайтирмоқда

IT-парк ҳамкорлик чегараларини кенгайтирмоқда

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) ҳамда мамлакатимизда самарали IT-инфратузилмани шакллантириш учун зарур бўлган телекоммуникация хизматлари ва ускуналари етказиб берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком“ АК, “Ucell”, “Beeline”, “UMS”, “RWC” мобиль операторлари вакиллари, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчи Huawei ва ZTE компаниялари раҳбарлари ҳамда Жанубий Кореянинг интеграцияланган симли ва симсиз телекоммуникация хизматларининг KT Corporation йирик провайдери мутахассислари иштирок этди.

3.jpg

5.jpg

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг сўзига кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда инновацияларни жорий этиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда, юқори технологиялар соҳасига инвестициялар жалб қилинмоқда. Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлар экани ва улар орасида инновацион ғояларга эга истеъдодли, интилувчан ёшлар кўпчиликни ташкил этишини ҳисобга олиб Ўзбекистондаги дастлабки IT-парк маҳаллий стартап экотизимининг узвий бир қисмига айланди ва мамлакатимиздаги стартап ҳаракатларни янада ривожлантиришда қулай шароитлар яратиш имконини берди.

Технопаркларни ривожлантириш ва дастурий маҳсулотлар яратувчиларини қўллаб-қувватлаш соҳасида Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини қўллаш мақсадида бу мамлакатнинг Дастурий технологиялар парклари жамиятининг (STPI) энг тажрибали мутахассисларидан бири маслаҳатчи сифатида жалб этилди. Ҳозирги кунда STPI жамияти Ҳиндистондаги 57 технопарк фаолиятини йўлга қўйган ва уларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

7.jpg

15.jpg

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги илк IT-парк резидентларига қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилган. Улар учун махсус замонавий инфратузилма ташкил этилди, қулай коворкинг маркази жиҳозланди.

Бугунги кунда 15 стартап-лойиҳаси жойлашган илк бинони реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари якунланди. Умуман парк тўртта бинодан иборат бўлади. Уларда коворкинг марказ, IT-академия, лаборатория ва ҳатто IT-меҳмонхона ҳам бўлади. Шунингдек, барча вилоятларда IT-паркнинг филиали очилади.

Учрашув якуни бўйича томонлар ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва IT-инфратузилма соҳасидаги шерикликни кенгайтиришга келишиб олди. Амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳолати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди ва Ўзбекистонда лойиҳалар портфелини янада кенгайтириш йўналишлари ишлаб чиқилди.

11 560
Р.БОНДАРЧУК, М.АМИН (сурат), ЎзА