ЎзА Ўзбек

12.05.2015 19:16 Чоп этиш версияси

Ҳисоботлар электрон шаклда топширилмоқда

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

– Ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари шу йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ ҳисоботларини электрон тарзда тақдим этмоқда, – дейди Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулчеҳра Урдушева. – Бошқармага 2015 йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги корхоналарнинг 99,3 фоизи ҳисоботларни электрон кўринишида тақдим қилди.

Электрон имзога эга бўлиш иш юритишнинг тез ва тежамкор усулидир. Вилоятда электрон имзога эга субъектларнинг сафи кенгайиб бораётгани ҳисоботлар топшириш ва ҳужжат алмашинувини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси тараққиётида компьютерларга миллий дастурларнинг жойлаштирилиши катта қулайлик яратаётир. Хусусан, вилоятдаги барча соҳа ва тармоқлар электрон ахборотдан фойдаланувчилар фаолиятлари хусусиятларидан келиб чиқиб, интернет сайтлари, корпоратив ва локал тармоқларида ўзлари учун қулай дастурлар билан ишламоқда.

Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини электрон ҳужжат тарзида тўлиқ тақдим этишда махсус компьютер дастурларидан фойдаланмоқда. Шу йилнинг апрель ойида янги дастурлардан фойдаланиш бўйича тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг бухгалтерлари иштирокида ўқув семинари ўтказилиб, корхона солиқ ҳисоботининг электрон шаклини тайёрлаш, электрон имзодан фойдаланиш ва топшириш билан боғлиқ барча масалалар ҳақида атрофлича тушунча берилди.

Ходимларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, уларни соҳадаги янгиликлар билан таништириш, зарур дастурлар билан ишлашга ўргатиш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси ва унинг туман инспекциялари томонидан мунтазам ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда. 2015 йил январь-апрель ойларида солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда тақдим этиш афзалликларини кенг оммага тарғиб этиш масалаларига бағишланган 54 семинар ўтказилиб, уларга 5 минг нафардан зиёд тадбиркорлик субъектлари вакиллари жалб этилди. Ушбу мавзуда мутахассислар томонидан 70 махсус телекўрсатув, радиоэшиттириш тайёрланди, мақолалар чоп этилди. Мазкур тарғибот-тушунтириш ишларида солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда тақдим этишнинг афзаллиги, имконияти ҳамда қулайликлари, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, амалдаги имтиёзлар ва янгиликлар тўғрисида солиқ тўловчиларга кенг тушунчалар бериб борилаётир.

Электрон ҳужжат алмашишларнинг кенг жорий қилинаётгани вақтни тежаш, иш унумдорлигини ошириш,моддий ресурсларни иқтисод қилиш имконини бераётир. Шу боис тадбиркорлар ўртасида ҳисоботларни масофадан туриб, қоғозсиз тақдим этиш усули тобора оммалашмоқда.

Йилнинг биринчи чорагида электрон кўринишда жўнатилган ҳисоботлар сони 35 мингдан ортди.Натижада 800 килограмм қоғоз иқтисод қилинди.

Ҳозирги кунда солиқ органлари томонидан 59 интерактив хизмат тури жорий қилинган бўлиб, улар солиқ тўловчиларга мазкур соҳадаги масалаларни ҳал этиш, кенг имконият ва қулай шароит яратиш йўлида хизмат қилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
9 520