Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.01.2018 22:22 Чоп этиш версияси

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси “ақлли иссиқхона” қурилмасини яратди

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети техника йўналишлари бўйича мутахассис кадрлар тайёрловчи етакчи олий ўқув юртлардан бири бўлиш билан бирга фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошираётган йирик илмий-тадқиқот маскани ҳамдир.

Айни вақтда университетда техникавий ижодкорлик қилиш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув хоналари ва лабораториялар замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Университетда ташкил этилган Ўзбекистон ва Япония ёшларининг инновацион маркази талабаларни илмий изланишлар олиб боришга, ихтиролар қилишга илҳомлантирмоқда.

Сўнгги йилларда университетда яратилган икки юздан ортиқ ихтиро амалиётга жорий этилган.

Университетнинг электроника ва автоматика факультети 3-курс талабаси Азизжон Эргашев “ақлли иссиқхона” деб номланган ихтироси билан кўпчиликнинг эътиборига тушган.

У яратган қурилма иссиқхона ичидаги ҳаво ҳарорати ва намлигини ҳамда қуёш ёруғлик даражасини бир меъёрда ушлаб туришга мўлжалланган. Қурилмада ҳарорат ва намликни, ёруғлик даражасини ўлчовчи махсус датчиклар мавжуд. Агар ҳаво ҳарорати тушиб кетса, иситиш печлари автоматик тарзда ишга тушади, агар ҳарорат шунда ҳам меъёрга келмаса, овозли хабар орқали огоҳлантиради. Ҳарорат меъёрда бўлганда эса печлар автоматик ўчирилади. Агар хона ҳарорати меъёрдан ортиб кетса, “ақлли иссиқхона” ойналарини ўзи очади. Шунда ҳам ҳарорат ошиши давом этса, вентиляция тизими ишга тушиб, ҳавони совутиш жараёни бошланади.

Тупроқ намлиги пасайганини аниқлаган қурилма автоматик тарзда суғориш ишларини амалга оширади. “Ақлли иссиқхона” томидаги пардалар эса қуёш ёруғлик даражаси ошганда қўл келади. Барча маълумотларни қурилма ва компьютер мониторларида кўриб туриш имкони мавжуд. Қурилма содда тузилган, ўзбек тилида ишлаб, пульт орқали бошқарилади.

– Мазкур ишланма Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилиб, олимлар ва иштирокчиларнинг эътиборига сазовор бўлди, ˜– дейди Азизжон Эргашев. – Шу боис ихтирони жорий йилда амалиётга татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда. Келажакда мазкур ихтирони янада такомиллаштириб, иссиқхонанинг барча маълумотларини мобиль телефон орқали кўриш ва бошқаришни, унинг қуёш батареялари орқали ишлашини таъминламоқчимиз.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
17 667