ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Инвестиция киритишда қайси соҳада муаммолар кўплиги аниқланди

Инвестиция киритишда қайси соҳада муаммолар кўплиги аниқланди

Давлат активларини бошқариш Агентлиги фаолиятининг устувор вазифаларидан бири тадбиркор ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш, улар эҳтиёжлари учун республика ҳудудида бўш турган давлат активларини шаффоф ва тенг рақобат муҳитида сотишдир.

Бугунги кунда 1 383 та инвестор томонидан давлат активларига 2,8 трлн. сўм ва 669,5 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши ва натижада ҳудудларда 42 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Агентлик томонидан ушбу инвестиция мажбуриятлари бажарилишининг доимий мониторинги йўлга қўйилган бўлиб, тадбиркорларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, юзага келаётган муаммолар тизимли равишда ўрганилмоқда ва уларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Жумладан, ҳудудий бошқармалар томонидан давлат активларини инвестиция киритиш шарти билан сотиб олган 1 322 та инвесторнинг ҳолати ўрганилди. Натижаларга кўра, уларнинг 63 тасида ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги аниқланган. Биргина мисол Тошкент вилоятидаги 211 та тадбиркорнинг 18 тасида, Андижон вилоятидаги 180 та инвесторнинг 5 тасида, Қашқадарё вилоятидаги 99 та тадбиркорлик субъектининг 8 тасида муаммоси бор. Уларнинг аксарияти шартнома иштирокчиси бўлган давлат органи ва маҳаллий ҳокимиятлар вакилларига тааллуқлидир.

Аниқланган муаммолардан 53 таси Агентлик ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари билан ҳал этилган ва қолган 10 тасини ечиш бўйича тегишли чоралар кўриляпти.

Давлат активларини бошқариш 
агентлиги Ахборот хизмати

9 565
ЎзА