ЎзА Ўзбек

14.02.2013 17:08 Чоп этиш версияси

Интернетдан ким қандай фойдаланмоқда?

Муроджон мактабда тенгдош болаларга нисбатан қолоқлиги, дарсларга жиддий эътибор қаратмаслиги оқибатида ўқитувчилардан гап эшитадиган бўлиб қолди. У кўп вақтини интернет-кафеда ўтказар, атрофдагиларнинг унга нисбатан “ноҳақ” муносабати учун гўёки жангари ўйинлар орқали ўч оларди...

Синфдошлари ўртасида Муроджоннинг дарсларни вақтида бажармаётгани, ўқишидаги пасайиш муҳокама қилинди. Санобар унга дарсдан кейин қолиб ўқишни, Акром эса кечқурун уйида бирга дарс тайёрлашни таклиф этди. Ҳамма ўз фикрини билдирди. Муроджонни бу ҳолатдан олиб чиқиш учун биргалашиб ҳаракат қилишга келишилди...

Компьютер клублари очишга аҳд қилган ишбилармонлар клублар фаолиятини йўлга қўйишда кўпинча ёшлар гавжум жойларни танлашади. Интернет ва гейм клублар учун мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари атрофлари энг қулай жой ҳисобланади. Интернет-кафеларни кўздан кечирарканмиз, қайсидир талаба ёки ўқувчи ҳужжатдан нусха олаётганига, бошқаси интернетдан ўзи учун керакли маълумот қидираётганига, кимдир ўйин билан бандлигига, яна биров эса интернет оламининг турли манзиллариаро "кезаётган”ига гувоҳ бўламиз.

– Мактаб ёшидаги болалар асосан компьютер ўйинларини ўйнаш учун клубимизга киришади, – дейди Тошкент шаҳридаги "Е–NET" интернет клуби ходими Шавкат Асатуллаев. – Бир кунда беш ёки олти бола футбол ўйинини ўйнаши мумкин, қолгани асосан жангари ўйинларга қизиқади.

“Неча ёшдаги болалар интернет-кафеларга кириши, қайси сайтлардан фойдаланаётганини клуб назорат қилиб борадими?”, деган саволимизга админстратор беҳаёликни тарғиб қиладиган сайтларга кириш тақиқлаб қўйилгани, интернет-кафега кираётган болалар ёши инобатга олинмаслигини айтди.

Ҳолбуки, мамлакатимизда ўрнатилган тартибга кўра, вояга етмаган болаларнинг интернет-кафеларга кечки соат 22.00 дан кейин ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи бирор шахс ҳамроҳлигида киришлари белгилаб қўйилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда интернет-кафеларда болалар ва ўсмирлар асосан турли виртуал ўйинларни ўйнаш, концерт ёки фильмларни томоша қилиш билан вақтини совурмоқда.

Хавф оёқ остида

Бугунги ахборот асрида дунёда текин нарса ёки холис хизматнинг ўзи йўқ. Шундай экан, четдан кириб келаётган ҳар хил ғоялар таъсирига тушмасдан, ўз куч-қудратимизга, салоҳиятимизга, миллий қадриятларимизга, имон-иродамизга таяниб иш кўришимиз лозим. Чунки турли мамлакатлар иқтисоди, маданияти, маънавияти, одамлари ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқлик тобора кучайиб бораётган мураккаб даврда яшамоқдамиз.

Ҳозир интернет бутун дунёни эгаллаб олган. Унинг ёрдамида бир дақиқада дунёнинг нариги четидаги киши билан суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш мумкин. Лекин турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, форум ва чатлардаги таниш-билишлар ҳақида холис маълумотга эга бўлиш мутлақо имконсиз. Уларнинг кимлигини, нияти қандайлигини билмасдан туриб, кибер дўстларга кўнглини очаётган - шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, туйғуларини ишониб айтаётган ёшлар кўп. Натижада, уларнинг далдаси, ширин алдовлари, сохта мулозаматларига учган ёшлар охири интернетсиз яшай олмай қолади. Бу эса компьютерни одам эмас, компьютер одамни бошқариш имкониятини юзага келтиради.

Айнан глобаллашув баҳонасида қайсидир давлатлар ёки қандайдир марказлар дунёнинг бошқа четидаги одамлар мафкурасини ўзгартиришга, уларни ўз ғаразли ғояларига ишонтиришга, бинобарин, уларни ўз ортидан эргаштиришга уринмоқда. Бунга “нишон бўлган” инсонларнинг на миллий қадриятлари, на урф-одатлари ва на ўша юртда яшайдиган инсонларнинг дину диёнати, имон-эътиқоди, хоҳиш-иродаси эътиборга олинади.

Эндиликда интернет шу даражада оммалашдики, унга мурожаат қилувчилар сафи ҳам, эълон қилинадиган мавзулар кўлами ҳам кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Ривожланган давлатларнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси ҳозирги кунда интернетдан фойдаланади. Чунки янгиликлар, об-ҳаво, даволанишнинг янги турларини билиш учун бемалол ушбу глобал тармоққа мурожаат қилиш мумкин.

ХХ асрда инсониятга ядро қуроли катта хавф солган бўлса, бугунги кунга келиб турли мақсадларни кўзлаб уюштирилаётган ахборот хуружлари халқлар, давлатлар, минтақалар ҳаётини, келажак тақдирини таҳликага қўймоқда. Бунинг учун миллионлаб маблағ сарфланаётгани ҳам сир эмас. Энг ёмони, ҳозирги кунда ёшларнинг 90 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида интернетга мурожаат қилмоқда. Тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайтлар мавжуд бўлса, 49 фоиз компьютер ўйинлари зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилаётир. Айни вақтда 42 фоиз болалар ва ўсмирлар он-лайн тарзида тарқатиладиган порнография таъсирига бутунлай тобе бўлиб қолган. Халқаро экспертлар дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларга мунтазам киришини тасдиқламоқда.

Биз орқада эмасмиз

Ахборот глобаллашуви жараёнида миллий ахборот маконини шакллантириш, ҳимоя қилиш ва уни ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ҳар бир давлатнинг стратегик манфаатлари билан ҳамоҳанг бўлган устувор вазифалар сирасига киради. Ахборот-коммуникция технологиялари ривожланиш суръатининг янада оширилиши эса ахборот алмашуви соҳасида чексиз имкониятлар яратмоқда. Бу, ўз навбатида, дунё мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишининг асосий омилларидан бирига айланиб бораётир.

– Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 9,8 миллиондан ошди, – дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шаҳриёр Мансуров. – 16 мингга яқин Uz доменидаги веб-сайтлар фаолият олиб бормоқда. 200 дан ортиқ веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган. Ушбу веб-саҳифалар асосан ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий йўналишларга ихтисослашган. Энг асосийси, уларнинг доимий ўқувчилари сони кун сайин кўпаймоқда.

Бугунги кунда халқаро интернет тармоғини миллий ахборотлар билан тўлдириш энг долзарб масалалардан биридир. Таъкидлаш жоизки, бу борада бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ғояга қарши ғоя, мафкурага қарши мафкура, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ лозим”, деган сўзларига амал қилган ҳолда, асосий эътибор ёшларимизда ўзига хос "ахборот иммунитети"ни, улар онгида оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратиш туйғусини шакллантиришга қаратилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ "ZiyoNet" жамоат ахборот таълим тармоғи ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур тармоқ ёшлар ҳамда таълим олувчиларга ахборот-коммуникация хизматларини кўрсатиш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

“ZiyoNet” тармоғида 25 мингдан ортиқ маъруза матнлари, илмий ишлар, рефератлар, ўқув дастурлари жамланган. У янги ўқув дарсликлари, қонунчиликка оид маълумотлар, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт ҳақидаги маълумотлар, болалар ва ўсмирларга мўлжалланган ахборот ресурслари ва таълим соҳасидаги кундалик янгиликлар, қизиқарли мақолалар билан бойитиб борилаётир.

Порталга мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, умумий ўрта таълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, Баркамол авлод марказлари, музейлар, спорт иншоотлари тўғрисидаги маълумотлар, арбоблар бўлимида халқимиз тариxида, фан, маданият ва спорт соҳаларида ўчмас из қолдирган инсонлар ҳақида маълумотлар ва видеолар жойлаштирилганлиги ҳам фойдаланувчилар учун улкан имкониятдир.

– Мамлакатимиз ёшларининг ахборот технологиялари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишлари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Тўлқин Тешабоев. – Шундай экан, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, бой ва буюк тарихга эга аждодларнинг ворислари эканини англаб етадиган инсонлар этиб тарбиялаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида вояга етказишда ахборот технологияларининг ўрни ва ролини ошириш устувор вазифага айланмоғи даркор.

Қонунчилигимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар хил зарарли ахборотлардан ҳимоялашнинг таъсирчан механизмлари яратилган.

Мустақиллигимизнинг илк кунларида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида"ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, жумладан, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунда эса беҳаёлик, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳақида ҳикоя қилувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этишларига сабаб бўлувчи адабиётларни тарқатиш, фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Истеъмолчи маданиятини шакллантириш зарур

Давлатимиз раҳбари барча оммавий ахборот воситалари қатори интернет ҳам ёшларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очишини таъкидлаб, "Интернет – бу катта бир дўкон. Дўконга борганда, одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ҳам шундай бир бозор, яъни ахборот бозори, деб тушуниш керак", дейди. Бинобарин, ўсиб келаётган авлодни шундай тарбиялашимиз керакки, улар ахборот маконига кирганда, фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсани олсин, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргансин.

Бугунги глобаллашув даврида интернет тизими орқали менталитетимизга мутлақо ёт мафкура ва дунёқарашни ёшларимиз қалби ва онгига сингдиришга уринаётганлар борлиги, айниқса, хатарлидир. Зеро, мафкуравий хуружлар, аввало, ёшларнинг онгини заҳарлашга қаратилган бўлиб, “оммавий маданият” деб аталаётган иллат халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган одоб-ахлоқ, ибо, ор-номус, ирода, шарм-ҳаё, иффат-андиша каби фазилатларимизни нурсизлантириб, кўп мингйиллик миллий қадриятларимизга путур етказаётир.

Кўп нарса интернетнинг бой ахборот ресурсларидан ким ва қандай мақсадларда фойдаланишига боғлиқ. Шу ўринда ҳар қандай ахборот хуружлари, “оммавий маданият” хавфидан ҳимояланмаган сайтлар, ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсиридан бутун миллат, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш ҳар бир онгли инсоннинг муқаддас бурчи эканини таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон эришаётган, дунё тан олаётган улкан ютуқларнинг негизида турган асосий омил инсондир. Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари бир аср аввал миллатимиз учун қанчалик муҳим ва долзарблик касб этган бўлса, ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган даражада улкан зиён етказиши мумкин. Бу таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, илмий асосда пухта ташкил этилган, узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш талаб этилади. Давр шиддати билан бирга қадам ташлаётган ёшларимиз миллий маънавиятимиз асосида тарбия топса, одоб-ахлоқ тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ўз таъсирини ўтказа олмайди.

...Муроджон бу йил мактабни битиради. Ҳозир у устозлари ва синфдош дўстлари кўмагида дарсларни ўз вақтида ўзлаштириб, аъло баҳоларга ўқишга интилмоқда. У компьютер техникаси ва коммуникация тармоқларига жуда қизиққанлиги боис Ахборот-коммуникация технологиялари касб-ҳунар коллежига ўқишга киришга қаттиқ бел боғлаган.


ЎзА, Абу Бакир Ўрозов
12 741