ЎзА Ўзбек

26.10.2017 19:23 Чоп этиш версияси

Интерфаол хизматларни оммалаштириш – долзарб вазифа

Пойтахтимизда жамоатчиликни Интерфаол давлат хизматлари ягона порталида кўрсатилаётган янги электрон хизматлардан хабардорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Самарали давлат бошқаруви учун электрон ҳукумат” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Семинарда мамлакатимизда аҳоли ва юридик шахсларга интерфаол хизматлар кўрсатишга ахборот-коммуникация технологиялари кенг ва мақсадли жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда давлат органлари веб-саҳифалари ва Интерфаол давлат хизматлари ягона портали (my.gov.uz) аҳолига уч юздан ортиқ хизмат кўрсатмоқда. Портал очилган кундан бошлаб 230 мингдан ортиқ рўйхатдан ўтган фойдаланувчидан 1,5 миллионга яқин мурожаат келиб тушган. “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши натижасида турли идораларга ташриф буюриш ва давлат хизматчилари билан бевосита мулоқотга зарурат қолдирмайдиган транзакцион хизматларга тўлиқ ўтиш кўзда тутилмоқда.

Бунинг самарасида БМТ томонидан 2016 йил 30 июль куни чоп этилган шарҳда Ўзбекистон "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш кўрсаткичлари рейтингида 20 ўрин юқорига кўтарилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг барча замонавий талаб ва стандартларга жавоб берувчи янги талқини – ЕПИГУ 2.0 (my2.gov.uz) ишлаб чиқилди. У жорий йилнинг май ойида синов тариқасида ишга туширилди. Хусусан, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жаримани қўллаш ва улар бўйича тўловларни амалга ошириш, солиққа оид қарздорликни тўлаш, суғурта тўловларини киритиш ва жамғариб бориладиган нафақа ҳисоби ҳолати тўғрисидаги маълумотдан хабардор бўлиш каби янги хизмат турлари жорий этилди.

Семинарда ахборот тарқатишнинг самарали усуллари ва электрон давлат хизматларини оммалаштиришга оид маълумотлар тақдим этилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
8 169