ЎзА Ўзбек

04.05.2015 12:36 Чоп этиш версияси

Интерактив хизматлар: амалиёт ва самара

Мамлакатимизда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Бошқарма ва унинг қуйи тизимлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умрбек Тожибоев. – Барча марказлар билан электрон ҳужжат алмашиш йўлга қўйилган. Тизимда мамлакат бўйича ягона локал алоқа тармоғи ишга туширилган. Бу ўзаро маълумот алмашишнинг тез ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

Бошқармада ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларнинг самарали ташкил этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида бошқарма томонидан судларга тадбиркорларнинг 5 миллиард 795 миллион сўмга яқин маблағини ундиришга қаратилган юздан ортиқ даъво аризаси киритилди. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар фойдасига ҳал этилди. Ўтган давр давомида туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Тадбиркорлар куни” тадбирларида олти мингга яқин тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этиб, ўз фаолиятига тааллуқли муаммо ва масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Бошқарма ва унинг қуйи тизимлари мутахассислари ҳуқуқ-тартибот, солиқ идоралари, банклар, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш тартиби, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, хўжалик ва давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ жараёнлар хусусида кенг ва атрофлича маълумотлар берилмоқда.

Бошқарма қошида ташкил этилган бизнесга кўмаклашиш марказида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига интерактив давлат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Фуқаролар уйи ёки иш жойидан туриб палата хизматларидан фойдаланиши, зарур саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиши мумкин. Марказда махсус электрон ускуна – “Маълумотлар киоски” ўрнатилган бўлиб, унда марказ томонидан кўрсатиладиган хизматлар, тадбиркорлик фаолиятини юритиш борасидаги зарур ҳужжатларнинг намуналари, Савдо-саноат палатасининг ускуна ва мини технологиялар бўйича маълумотлар базаси, умуман, тадбиркорлик фаолиятига оид кўплаб маълумотларнинг электрон шакли жамланган.

– Интернет орқали Савдо-саноат палатасининг интерактив давлат хизматидан фойдаланиб, “Ортиқов Ойбек” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдим ва ўзим яшаётган маҳаллада трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим, – дейди ёш тадбиркор Шоҳиста Аҳмедова. – Зарур пайтда фаолиятим юзасидан Палатанинг интерактив хизмати орқали барча маълумотларни оламан. Бу менга қисқа муддатда кўп нарсадан хабардор бўлиш, вақтимни тежаш имконини бермоқда.

Бошқарма ва унинг қуйи тизимлари томонидан солиқ ва статистик ҳисоботлар электрон шаклда топширилмоқда. Палата аъзоларидан олинадиган ҳисоботлар ҳам электрон шаклда қабул қилинади. Буларнинг барчаси тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежаб, иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
10 352