ЎзА Ўзбек

02.11.2012 18:21 Чоп этиш версияси

Инновация ривожида ахборотнинг ўрни

Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётнинг энг замонавий – инновацион шаклини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, “Илмий-техника ахбороти” давлат унитар корхонаси ҳамда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан пойтахтимизда ўтказилган халқаро анжуманда инновацион фаолиятни ривожлантиришда илмий-техника ахборотининг аҳамияти, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда мамлакатимиз олимлари билан бирга АҚШ, Голландия, Болгария, Россия, Қозоғистон ва Озарбойжондан мутахассислар, илмий муассасалар мутасаддилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари И.Саифназаров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси О.Парпиев ва бошқалар илм-фан ютуқларини жамиятнинг аниқ эҳтиёжларига йўналтириш мамлакатимиз илмий-техник салоҳиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инновацион ишланмаларни яратиш ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётга кенг жорий этиш бўйича ташкил этилган миллий тизим ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 224 илмий, олий таълим, тажриба- конструкторлик ва инновация марказларида давлат илмий-техника дастурлари доирасида бир неча лойиҳа амалга оширилаётир. Фундаментал тадқиқотлар, амалий тажрибалар олиб борилмоқда.

Замонавий ахборот инфратузилмасини шакллантириш соҳа ривожи учун янада кенг имкониятлар очади. Бу бир қатор ташкилий ва услубий масалаларни ҳал этишни талаб қилади.

Тадбирда ана шундай инфратузилмани ривожлантириш, технологиялар трансфери ва илмий ахборот алмашинувида халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Илмий-техника ахбороти тизимини янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


ЎзА, З.Жонибеков
11 837