ЎзА Ўзбек

22.10.2012 17:52 Чоп этиш версияси

Инновацион тараққиёт йўлида

Тошкент давлат техника университетида “Инновация – 2012” деб номланган XVII халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази, Тошкент давлат техника университети ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Унда мамлакатимизнинг илм-фан, саноат тармоқлари вакиллари, тадбиркорлар, Голландия, Германия, Россия, Украина ва бошқа давлатлардан олимлар иштирок этди.

Инновациялар давлатларнинг энг муҳим стратегик ресурсларидандир. Ижтимоий-иқтисодий муаммоларни муваффақиятли ҳал этиш, янги саноат ва молиявий технологияларни жорий қилиш, инновация-инвестиция инфратузилмасини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, импорт ўрнини босиш, валюта захираларини тўплаш маълум даражада инновацион фаолият билан боғлиқдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 7 августда қабул қилинган “Фан ва технологиялар ривожланишининг мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2008 йил 15 июлда имзоланган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2010 йил 15 декабрда тасдиқланган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган иқтисодий ривожланиш йўналишлари инновацион иқтисодиётга ўтишни кўзда тутади.

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори, профессор А.Қодировнинг айтишича, Ўзбекистонда инновацион тараққиёт йўлига ўтиш учун барча зарур шароитлар мавжуд. Мамлакатимиз бой интеллектуал, саноат ва ресурслар салоҳиятига эга. Бундан ташқари, ноёб Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳаётга татбиқ этилган, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, жумладан, инновацион лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган академик ва олий ўқув юртлари, илм-фаннинг ривожланган тармоғи мавжуд.

Шу боис мазкур халқаро илмий-амалий анжуман долзарб аҳамиятга эга. Негаки, у мамлакатимизни инновацион ривожлантириш жараёнларини жадаллаштиришдек муҳим вазифани ҳал этиш учун саноат вакиллари, олимлар, тадбиркорлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.

Тадбирда таъкидланганидек, инсон фаолиятининг турли жабҳаларини қамраб оладиган инновацион жараёнларнинг бир-бирига боғлиқлиги бугунги кунда ғоялар, услублар ва ишланмаларни уйғунлаштириш асосида турли илмий йўналишлар ҳамда фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш натижасида муайян самараларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Айнан шу боис “Инновация – 2012” конференцияси ёшлар ва таълим муаммолари, иқтисодиёт тармоқларида инновацион жараёнлар, табиий, минерал-хомашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал этишнинг инновацион технологиялари ва усуллари, тоғ-кон иши ҳамда металлургия, технологик жараёнлар ва объектларни бошқаришнинг автоматик ҳамда автоматлаштирилган тизимлари, тизимли таҳлил ва математик моделлаштириш, ахборот технологиялари ва тизимлари, уларнинг амалий жиҳатлари, ахборот хавфсизлиги муаммолари, сув-саҳро-экология: муаммолар ва ечимлар каби илм-фан ва амалиёт учун энг муҳим саккиз йўналишни ўз ичига олди.

Жараёнга ҳар йили ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ўзини бир неча бор намоён этаётган ёш авлод вакилларини жалб қилиш, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам ёшлар ва таълим муаммоларига бағишланган секция тадбир иштирокчиларида ҳамиша катта қизиқиш уйғотади.

Тошкент давлат техника университетининг “Бошқарувда ахборот технологиялари” кафедраси мудири, техника фанлари номзоди О.Зариповнинг таъкидлашича, тадбир иштирокчилари орасида ёшлар – талабалар, магистрлар, илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари кўпчиликни ташкил этади. Чунки, улар айнан шу ерда ўз ғояларини қандай амалга ошириш йўлларини билиб олиши, ўзи учун устоз топиши, қимматли ахборотга эга бўлиши мумкин.

Конференция иштирокчилари давлатимиз томонидан ёш олимлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга инновацион тадқиқотларни ўтказишлари учун маблағлар ажратилаётгани ва барча шароит яратилаётганини таъкидладилар. Шу сабабли тадқиқотларда иштирок этаётган истеъдодли ёшлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ушбу тадқиқотлар натижалари эса катта амалий аҳамиятга эга бўлади ва миллий иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида ишлаб чиқаришга жорий этилади. 


ЎзА, Меҳрибон Маметова
9 377