ЎзА Ўзбек

29.04.2015 19:51 Чоп этиш версияси

Инновацион лойиҳалар ярмаркаси

Инновацион лойиҳалар ярмаркаси Пойтахтимиздаги «Ўзкўргазмасавдо» марказида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бошланди.

Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада Тошкент шаҳри ва вилояти, Фанлар академияси, бир қатор вазирлик, қўмита, акциядорлик компанияларининг инновация соҳасидаги ютуқлари намойиш этилаётир.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ш.Солиҳов ва бошқалар илм-фан тараққиётини юксалтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, саноат корхоналарида илғор технологияларни жорий этишга қаратилаётган доимий эътибор мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлаётир.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мамлакатимизнинг саноат ривожланган ҳудудларидан бўлиб, кимё, енгил саноат, қурилиш, металлургия, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тобора ривожланмоқда. Шунингдек, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорлик ҳам йилдан-йилга равнақ топаётир.

12C.JPGКўргазма стендларидан ушбу соҳаларга оид хилма-хил маҳсулотлар ўрин олган. Жумладан, саноат ва коммунал хўжалик, тиббиёт, энергия тежамкор технологиялар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича инновацион технологиялар, экологик хавфсиз препаратлар, косметика ва гигиеник воситалар, реклама бўйича янгича услубларга кенг ўрин ажратилган.

Сергели туманидаги «Eco Drip Lux» масъулияти чекланган жамиятининг болалар, катталар учун ва юк ташишга мўлжалланган велосипедлари, «Chang Qing Group» хусусий корхонасининг ўн беш турдан ортиқ замонавий русумдаги мотоцикллари, Яккасарой туманидаги «Интер пласт» масъулияти чекланган жамиятининг паловни қадоқлаб сотиш технологияси, «Art Light Films» корхонасининг электр энергияни тежайдиган қурилмалари ва бошқа инновацион технологиялар кўпчиликка манзур бўлаётир.

Ярмаркада Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институтларининг илмий ишланмалари ҳам кенг намойиш этилмоқда. Жумладан, Умумий ва ноорганик кимё институтининг стендида янги дефолиантлар, ўғитлар, қурилиш материаллари, нефть-газ саноатида қўлланиладиган мойлар, кимёвий препаратлар билан танишиш мумкин.

– Бугунги кунда институтимизда илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича давлат грантлари ва хўжалик шартномалари асосида олтмишдан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди институт директори Бахтиёр Зокиров. – Мамлакатимизда анъанавий тарзда ташкил этилаётган инновацион ярмаркалар илм-фан ва амалиёт интеграциясини кенгайтириш, янги ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, илм-фан салоҳиятини янада ривожлантириш имконини бермоқда. Жамоамиз бу йилги Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига ҳам қизғин тараддуд кўрмоқда. Жорий йилда йигирмадан ортиқ янги ишланмани ишлаб чиқарувчиларга тақдим этмоқчимиз.

Ярмаркада пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, нефть-газ, кимё саноати, темир йўл соҳаси ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳам кенг намойиш этилмоқда. Янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбирга уч юздан зиёд саноат корхонаси, саккиз юздан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъекти жалб этилган.

Тадбир доирасида ҳокимликлар, Ўзбекистон Фанлар академияси илмий муассасалари, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, «Ўзэлтехсаноат», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзкимёсаноат» компаниялари, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва бошқа тузилмаларнинг тақдимотлари ўтказилади.

Баҳор Хидирова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
14 477