Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Инновацион лойиҳалар намойиши

Инновацион лойиҳалар намойиши Самарқандда инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси ўтказилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 майдаги “Инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари сингари 30 дан ортиқ ташкилот қатнашди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиев ва бошқалар юртимиз олимлари ва ёш тадқиқотчилари томонидан яратилаётган инновацион ишланмаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини замон талаблари даражасида ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Кўргазмада жаҳон андозаларига мос келадиган янги, юқори самарали материаллар, машиналар, препаратлар ва бошқа илмий технология маҳсулотларини яратишга имкон берувчи саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларига доир информацион технологиялар ҳамда илм-фан соҳасидаги 150 га яқин инновацион технология ва ишланмалар намойиш этилди. Айни пайтда иштирокчилар бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш, илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда инновацион лойиҳаларга талабгорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.

– Ярмаркада сув насосларининг иш тизимини автоматик бошқариш қурилмаси билан қатнашяпмиз, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси, лойиҳа муаллифларидан бири Мансур Қиёмов. – Тажриба-синовдан ўтган ушбу қурилма қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланиладиган сув насосларининг иш унумдорлигини ошириш, электр энергиясини тежаш ҳамда ортиқча сув сарфининг олдини олиш имкониятини беради. Шу орқали уни харид қилиш учун сарфланган маблағ бир йилда тежалган маблағ ҳисобидан тўлиқ қопланади.

Тадбирда фермер хўжаликлари, саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан технология ва ишланмалар муаллифлари ўртасида шартномалар имзоланди.

– Қишлоқ хўжалигида маҳсулот сифати ва ҳосилдорлигини оширишга хизмат қиладиган ишланмалар эътиборимни тортди, – дейди Пахтачи туманидаги “Дўстобод файзли даласи” фермер хўжалиги иш юритувчиси Зафар Муртазоев. – Айниқса, Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган микроўстиргич биопрепарати манзур бўлди. Қишлоқ хўжалик экинларини турли касалликлардан асраш ва уларнинг ривожини таъминлайдиган бу воситадан харид қилиб, уни ўз хўжалигимизда қўллаб кўрмоқчимиз.

Кўргазма якунида тармоқ ва соҳаларни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган янги техника ва технологиялар, илмий ишланма ва ғоялар танлаб олиниб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 751






Все о погоде - Pogoda.uz