ЎзА Ўзбек

19.12.2017 18:16 Чоп этиш версияси

“infoCOM.uz” журнали 15 ёшда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6 июндаги “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган “infoCOM.uz” ойлик ахборот-таҳлилий журнали ахборот-компьютер технологиялари соҳасида мамлакатимиз ва жаҳондаги тенденциялар, янги ишланмаларни ёритиб келмоқда.

Бугун пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида журналнинг 15 йиллиги салмоқли ютуқлар, эришилган мақсадлар билан муносиб нишонланди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов, журнал таҳрир ҳайъати раиси А.Сучков ва бошқалар мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, улардан барча соҳаларда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, “infoCOM.uz” журнали ахборотлаштиришнинг миллий тизимини шакллантириш, фуқароларнинг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини янада тўлиқроқ қондириш, ёшларни АКТ соҳасига қизиқтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Журналимизда интеллектуал етук, аҳил жамоа шаклланган. Бугунги кунда олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни бажаришга астойдил ҳаракат қилаяпмиз, – дейди журнал бош муҳаррири Маруфа Азизова. – Журналимиз 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мўлжалланган. Мамлакатимизда ахборот-коммуникация соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Бу жараёнда журнал мазмун-моҳиятини ҳам бойитиш йўлида доимо изланишдамиз.

Улуғбек Асроров, ЎзА
7 905