ЎзА Ўзбек

01.12.2019 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон билан ҳамкорликда “Технологик хаб“ ташкил этилади

Ҳиндистон билан ҳамкорликда “Технологик хаб“ ташкил этилади

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациянинг Ҳиндистоннинг Гужарат штатига ташрифи самарали музокараларга бой бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Ҳиндистоннинг "iCreate" (International centre for entrepreneurship and technology) компанияси, шунингдек "DevX" компанияси Ўзаро англашув меморандумларини имзолашди. Меморандумни имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Ҳиндистоннинг Гужарат штати Таълим вазири Шри Бупендрасинх Чудасама иштирок этдилар.

Келишувга кўра, томонлар тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида икки мамлакат стартаплари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистонда ташкил этилган стартап компаниялари Ҳиндистонга ўз технологияларини трансфер қилиш имкониятига эга бўладилар. Худди шунингдек, ҳинд технологик стартаплари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, инновациларни ривожи учун юртимиздаги мавжуд шароитлар билан танишадилар.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, инновациялар ва стартап экотизимини ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибалар билан алмашиш, инсон капиталини такомиллаштириш ҳамкорликнинг бош мақсадидир. Шунингдек, Ҳиндистон ва Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ўртасида мулоқотни кенгайтириш, турли соҳаларда қўшма тадқиқотлар олиб борилишига қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.

Илғор технологиялар марказида ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда бир қатор қўшма стартап лойиҳаларини ўзида бирлаштирувчи “Технологик хаб” ни ташкил этишга ҳам келишилди. “Технологик хаб“ стартап лойиҳалари муаллифлари ва ижрочиларини, мазкур стартап лойиҳаларнинг соҳалари бўйича мутахассисларни жамлашга қаратилган бўлиб, унда мавзулар бўйича оммавий тадбирлар, маърузалар, семинарлар, конференциялар, шунингдек, илм-фан ва инновацияларни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказилади. Кўпгина ривожланган мамлакатлардаги бундай хаблар таълим олиш ва тажриба алмашиш учун шундай зўр майдонга айланганки, улар университетларда берилган билимларни ишлаб чиқаришга жорий қилишга, амалда синашга ёрдам беради, кечаги талабаларни ўз ишининг усталари бўлишига, мутахассисларни эса мунтазам равишда ўз малакаларини оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун: Инновациялар бўйича Ҳиндистоннинг етакчи ҳудуди бўлмиш Гужарат штатининг энг йирик шаҳри Аҳмадобод атрофида қад ростлаган “iCreate” тадбиркорлик ва технологиялар халқаро марказида тадбиркорлик, тадқиқотлар, инновациялар, ахборот технологиялари, муҳандислик ва бошқа соҳаларнинг етакчи мутахассислари фаолият юритади. "DevX" компанияси эса техник экспертиза ва корпоратив алоқаларни ўрнатишда 20 йиллик тажрибага эга бўлган йирик инновацион тузилма бўлиб, корпорацияларга турли мураккабликдаги бизнес масалаларни ҳал этишда кўмак беради. 

16 750
ЎзА