ЎзА Ўзбек

20.05.2015 20:56 Чоп этиш версияси

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси «Ўзэкспомарказ»да VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси давом этмоқда.

Ярмаркада ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва оптималлаштириш, ресурс тежаш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, импорт ўрнини босиш ва экспортни кенгайтиришга йўналтирилган беш юзга яқин инновацион технология ва лойиҳалар тақдим этилган. Улар саноат ва қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологиялар, илм-фан ва таълим соҳаларини қамраб олган.

Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган ушбу анъанавий ярмарка илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришда муҳим воситага айланди. Ярмарка мамлакатимиз ва хорижий корхоналар вакиллари, фермер ва инвесторлар эътиборини ўзига янада жалб этмоқда. Шартномалар тузиш тартиб-таомилларини енгиллаштириш мақсадида ярмаркада мамлакатимизнинг етакчи банклари ва суғурта компаниялари, Интеллектуал мулк агентлиги мутахассислари иш олиб бормоқда.

– Электр энергиясини компенсация қиладиган қурилмани харид қилиш бўйича 10 миллион сўмлик шартнома туздик, – дейди Жиззах вилоятидаги “Наврўз ота” фермер хўжалиги раҳбари Гулбой Содиқов. – Жиззах политехника институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ушбу қурилма сарф-харажатларни қисқартириш имконини беради. Биз илғор технологияларни харид қилиш учун қулай шароит яратган ярмарка ташкилотчиларидан миннатдормиз.

Ярмарка ёш олимлар ва олий ўқув юртлари талабалари учун ҳам самарали ўтмоқда. Уларнинг кўплаб ғоя ва ишланмалари махсус бўлимда намойиш этилаётир. Мутахассисларнинг фикрича, тупроқни картошка экишга тайёрлайдиган агрегат катта истиқболга эга. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти Учқун Қодиров ушбу машина модели билан иштирок этмоқда. Агрегат тупроқни юмшатиш ва ўғитлаш, жўяк олиш каби қатор функцияларни бажаради. Ёш олимнинг сўзларига кўра, мазкур қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларнинг барчаси мамлакатимиздаги заводларда тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари стендлари кўпчилик эътиборини тортмоқда. Уларда иқтисодиётнинг асосий тармоқлари, жумладан, нефть-газ, кимё, фармацевтика саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, муқобил энергетика ва бошқа жабҳалардаги устувор вазифаларни бажаришга йўналтирилган юздан зиёд инновацион ишланма ва лойиҳалар намойиш қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти стендларида фармацевтика саноатининг сўнгги ютуқлари тақдим қилинмоқда. Гриппга қарши маҳаллий хомашёдан тайёрланган “Рутан” дори воситаси шулар жумласидан. Мазкур маҳсулот барча рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтган ва тез орада дорихоналарда сотувга чиқарилади.

Ярмаркада Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти тупроқ унумдорлигини оширишга мўлжалланган “Триходермин” биопрепаратининг модификация қилинган намунаси билан иштирок этмоқда.

– Ушбу восита ўсимликлар касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашишда кенг қўлланилади, – дейди институтнинг катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Нигора Тиллахўжаева. – Бундан олдинги препаратларнинг сақланиш муддати жуда қисқа эди. Янги биотехнологияларни қўллаш самарасида ушбу муддатни 6 ойгача узайтиришга эришдик.

Ярмаркада соғлиқни сақлаш соҳасига доир кенг турдаги ишланма ва янги услублар ҳам намойиш этилмоқда. Бу борада Республика онкология илмий маркази мутахассисларининг ютуқлари диққатга сазовордир. Иммунология, молекуляр биология, биотехнология ва генетиканинг замонавий ютуқларига асосланган илмий тадқиқотлар самарасида экстракорпорал қон терапияси услуби яратилди. Бу янгилик кўкрак бези саратони билан касалланган беморларни даволаш самарадорлигини оширади. Марказ ўсмага қарши қўлланиладиган янги “Дэкоцин” ва “Дековин” малҳамларини ҳам таклиф этмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ишланмаларга бағишланган стендлар ҳам гавжум. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази “BPR.UZ” ахборот-таҳлил тизимини намойиш этмоқда. Бу тизим давлат бюджети сарф-харажатларини оптималлаштиришга мўлжалланган. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси хавфсизлик даражаси юқори бўлган оптик коммутация қутиси, кабель узилган жойни аниқлайдиган қурилма ва бошқа янгиликлардан иборат инновацион лойиҳалар тўпламини тақдим этмоқда.

Икки кун давомида ярмаркада қиймати 11 миллиард сўмдан зиёд 400 га яқин шартнома ва аҳдлашув протоколлари имзоланди.

Муҳаммад Қаршибоев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
15 229