ЎзА Ўзбек

16.04.2015 12:25 Чоп этиш версияси

Илғор ғоя ва технологиялар намойиши

7c.JPGБухорода VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бир қатор олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда марказлари ўзларининг 180 га яқин инновацион ғоя, технология ва лойиҳалари, илмий ишланмалари билан иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси ўринбосари О.Парпиев ва бошқалар мамлакатимизда инновацион ғоя ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга кенг жорий этиш ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани технологик жараёнларни янада ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани изчил ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ярмаркада мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишда фойдаланиладиган янги препаратлар каби кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ва фермерларда катта қизиқиш уйғотди.

– Туманимиз фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида асосан сабзавот ва мева етиштирилади, – дейди “Жондорагросаховат” масъулияти чекланган жамияти раиси Беҳзод Диллиев. – Ана шу маҳсулотларни йил давомида истеъмол қилиш учун сифати ва табиий хусусиятларини сақлаган ҳолда қуритиш муҳимдир. Ярмаркада “Левадия-Бухоро” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар ва гўштни қуритадиган 156 миллион сўмлик ускуна ҳамда қадоқлаш аппаратларини харид қилиш бўйича шартнома имзоладик. Бу технология маҳсулотимизнинг бир қисмини экспорт қилишда жуда қўл келади.

Фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига хизмат қиладиган ҳудудий ярмаркада янги лойиҳа, ишланма ва технологияларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан кўплаб шартномалар имзоланди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
10 012