ЎзА Ўзбек

22.05.2018 18:05 Чоп этиш версияси

Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги

Тошкентлик Лайло Раупова Сергели туманида "Нурли келажак сари" ўқув-инновацион марказини бунёд этмоқда. Бу ерда хусусий мактабгача таълим маскани, фан, санъат ва бадиий ижодиёт, тил ўрганиш тўгараклари, касбга ўқитиш ва малака ошириш курслари фаолияти йўлга қўйилади.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги қизиқарли семинарлар, давра суҳбатлари, тақдимотларга бой бўлмоқда.

Қўмита хотин-қизларнинг ўз истеъдодини намоён этишига яқиндан кўмаклашиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йил давомида малака ошириш курслари, касб-ҳунар ўргатишга йўналтирилган ўқув машғулотлари, маҳорат дарсларини ташкил этиб бормоқда. Опа-сингилларимиз томонидан яратилган инновацион маҳсулотлар, техника ва технологияларни амалиётга жорий этиш ва ишлаб чиқариш корхоналарини очиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкентлик Лайло Раупова Сергели туманида "Нурли келажак сари" ўқув-инновацион марказини бунёд этмоқда. Бу ерда хусусий мактабгача таълим маскани, фан, санъат ва бадиий ижодиёт, тил ўрганиш тўгараклари, касбга ўқитиш ва малака ошириш курслари фаолияти йўлга қўйилади.

– Аёлларнинг эзгу ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида кенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди Л.Раупова. – Бундай имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиш, уларнинг қадрига етиш бурчимиздир.

Ҳафталикнинг навбатдаги кунида олим ва мутахассислар иштирокида “Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номларининг ҳуқуқий муҳофазаси”, “Интеллектуал мулк объектларидан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш”, “Стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг маҳсулот рақобатбардошлигида тутган ўрни”, “Ташкилот стандартини ишлаб чиқиш ва мувофиқлик сертификати олиш” каби мавзуларда ўқув-семинарлар ўтказилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
11 430