ЎзА Ўзбек

26.09.2019 Чоп этиш версияси

“ICTExpo – 2019“ илғор технологиялар дунёсини очмоқда

“ICTExpo – 2019“ илғор технологиялар дунёсини очмоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуида анъанавий “ICTExpo – 2019“ ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси очилди. Унда мамлакатимизда қўлланилаётган ёки жорий этиш учун синовдан ўтказилаётган энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш этилмоқда.

Маҳаллий ва чет эл компаниялари янги технологиялар, шу жумладан, дастурий таъминот, компьютер техникаси ва ўйинлари, уяли алоқа ва маълумот юбориш хизматларини намойиш этмоқда. Кўргазма экспозицияси ягона давлат маълумот базаларини яратиш ва аҳолига интерактив хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш бўйича самарали ечимларни тарғиб қилишга хизмат қилади.

Энг катта стенд “Ўзбектелеком“ акциядорлик компаниясига ажратилган. Бу йил ушбу компания бир йўла иккита янги телекоммуникация технологияларини ҳавола этди.

– Симли интернет имкониятларини кўрсатиш мақсадида компания стендида секундига 10 гигабит тезликда маълумот юбориш учун оптик толали тармоққа уланган компьютер ўрнатилган эди. Аксарият корхона ва ташкилотларда бундай тезликка эҳтиёж ҳали йўқ, серверларнинг кўпчилиги эса бу тезликни кўтара олмайди. Аммо бугун ундан булутли ҳисоблаш ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи йирик халқаро ташкилотлар фойдаланмоқда.

Шунингдек, “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуида “Ўзбектелеком“ АК томонидан Ўзбекистонда синовдан ўтказилаётган бешта 5G-антенналаридан бири ўрнатилди.

– 5G асосий станцияларининг илк намуналарини олишимиз билан уларни синовдан ўтказишни бошладик, – дейди “Uzmobile” Ўзбекистон уяли алоқа миллий операторининг ривожланиш хизмати бошлиғи Эркин Ҳайдаров. – Тошкентда интернетга уланиш тезлигини секундига 1,9 гигабитгача таъминлайдиган битта асосий станция ишлаб турибди. Мутахассисларимиз унинг ишини ҳар куни назорат қилади. Зарур маълумотларни олиб, биринчи 5G тижорат тармоғини ёйиш учун техник талабларни ишлаб чиқамиз.

Кўргазмада алоҳида бўлим мамлакатимизнинг юқори малакали IT мутахассисларни тайёрлайдиган олий ўқув юртларига бағишланди.

Энг қизиқарли ишланма ва лойиҳалар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) стендида намойиш этилган. Талабалар катта иштиёқ билан ташриф буюрганларни ўзларининг энг сўнгги ихтиролари билан таништирмоқда. Улар сирасига кўзи ожизлар учун ўзбек тилида ишлайдиган овозли ёрдамчи хизматига эга телефон ҳам киради. Унинг аксарият ускуналарини талабалар мустақил равишда ТАТУ лабораторияларида мавжуд 3-D принтер ёрдамида яратган.

Кўргазмага ташриф буюрганлар эътиборини ТАТУ мультимедиа кафедраси иккинчи босқич талабаси Ислом Шарипов томонидан ишланган “Magic quest” янги компьютер ўйинининг демоверсияси тортди. Ҳозирда у яратилган ўйинни якунига етказиш учун жамоа тўпламоқда.

Кўргазмада нафақат мобиль оператор ва интернет-провайдерлар, балки Ўзбекистоннинг жамоат жойлари ва туристик ҳудудларида бепул Wi-Fi тарқатувчи компаниялар ҳам иштирок этди.

– Ўзбекистонда биз TasNet.uz хизматини тақдим этамиз, – деди “Innovo.Tech” компанияси вакили Данил Крикунов. – Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида Сайилгоҳ кўчасида биринчи бепул Wi-Fi тарқатишни бошладик. Ҳозирги кунга келиб Тошкентдаги жамоат жойларида бир қанча йирик Wi-Fi ҳудудлари яратилди. Бундан ташқари, биз пойтахтингиздаги барча йирик ресторан ва кафеларга ҳам хизмат кўрсатамиз.

“ICTExpo – 2019“ кўргазмаси 27 сентябргача давом этади.

13 994
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА