ЎзА Ўзбек

20.12.2019 Чоп этиш версияси

Huawei Лондонда 5G-инновациялар марказини очди

Huawei Лондонда 5G-инновациялар марказини очди

Huawei Лондонда 5G-инновациялар намойиш қилувчи марказини очди. Бу тадбиркорлар ва инноваторлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек 5G-экотизимининг янада ривожланишига замин яратади.

Huawei компаниясининг 5G-инновациялар маркази 5-технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва тажриба алмашиш учун платформага айланади. Унинг вазифаси Буюк Британияда 5G соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги алоқа стандартини ушбу мамлакатда ҳамда бутун дунёда қўллашнинг амалий фойдасини намойиш этишдан иборатдир.

Меҳмонларга реал вақтда қизиқарли интерфаол ўйинларни ўйнаш, виртуал ва тўлдирилган реаллик технологияларидан фойдаланган ҳолда севимли гуруҳ билан чиқиш қилиш, шунингдек 5G-технологиялар очиб берадиган чексиз имкониятлар, жумладан, рақамли ишлаб чиқариш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги илғор технологиялар ҳақида маълумот олиш имконияти тақдим этилади.

«Лондонда 5G-инновациялар намойиш марказининг очилиши 5G-технологиялар соҳасидаги етакчи сифатида биз учун яна бир муҳим қадам бўлди. Бунинг ёрдамида биз британиялик тадбиркорлар ва муҳандислар ўртасида ҳақиқий ҳамкорликни таъминлаймиз. Биз 5G стандартини ҳам хусусий, ҳам тижорат соҳасида қўллашнинг улкан салоҳиятини яққол намойиш қилмоқдамиз», деди Буюк Британиядаги Huawei компаниясининг бош директори Жерри Ван.

Huawei ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг учинчи чорагида компания жаҳоннинг етакчи алоқа операторлари, шу жумладан Буюк Британиянинг барча йирик операторлари билан 5G ечимларни етказиб бериш бўйича 60 дан ортиқ тижорий шартномаларни имзолади.

Буюртмачилар ва шериклар билан ҳамкорлик қилиш орқали Huawei триллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги айланмага тенг кўплаб соҳалардаги рақамли трансформацияни тезлаштирмоқда. Биринчи навбатда, бу соҳалар қаторига коммунал хизматлар, молия сектори, транспорт ва электр энергетикаси киради.

Марказ очилишида Huawei 5G-технологияларнинг салоҳияти ҳақидаги давра суҳбатини жонли эфирда узатади. Huawei 5G-инновациялар намойиш маркази Европанинг энг йирик коворкинг марказларидан бири ҳисобланадиган "Cocoon Global"да жойлашган.

Марказ энг кўзга кўринган стартаплар учун учрашув жойи ҳисобланади ва технология соҳасида маданиятлараро ғоялар алмашинувига хизмат қилади.

13 708
ЎзА