ЎзА Ўзбек

29.06.2019 13:21 Чоп этиш версияси

Huawei интеллектуал мулк бўйича расмий ҳужжатни эълон қилди

Huawei интеллектуал мулк бўйича расмий ҳужжатни эълон қилди

У интеллектуал мулк билан боғлиқ баҳсларнинг сиёсийлаштирилишини бартараф этади.

Huawei компанияси бугун инновация ва интеллектуал мулк (ИМ) бўйича расмий ҳужжатни эълон қилди ҳамда ушбу масала борасидаги баҳсларнинг сиёсийлаштирилишига қарши эканлигини билдирди. Компаниянинг бош қароргоҳида ташкил этилган матбуот анжуманида Huawei бош ҳуқуқшуноси Сонг Люпиннинг айтишича, интеллектуал мулк ҳар бир инновациянинг пойдевори ҳисобланади ва унга сиёсий тус беришга ҳаракат қилиш жаҳондаги тараққиётга хавф туғдиради.

“Агар сиёсатчилар интеллектуал мулкдан сиёсий қурол сифатида фойдаланишса, улар бу қилмишлари билан патентларни ҳимоя қилиш тизимига бўлган ишончни яксон қиладилар. Агар айрим ҳукуматлар муайян компанияларни саралаган ҳолда уларга тегишли интеллектуал мулкдан маҳрум этса, бундай ҳаракат пировардида глобал инновациялар пойдеворининг дарз кетишига сабаб бўлади.

“Интеллектуал мулкни ҳурмат қилиш ва уни ҳимоялаш - инновациялар асоси” деб номланган ҳужжатда Huawei компаниясининг бу борадаги тажрибаси, шунингдек, инновациялар тараққиётига ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоялашга қўшган ҳиссаси тўғрисида батафсил маълумот берилади.

Ҳужжатда инновациялар ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш Huawei компаниясининг 30 йиллик муваффақиятли фаолиятининг асоси эканлиги қайд қилинган. 2018 йилнинг якунига қадар Huawei жами 87 805 та патентни рўйхатдан ўтказган бўлиб, улардан 11 152 таси АҚШ патентлари ҳисобланади. 2015 йилдан буён Huawei лицензиялаш фаолиятидан 1,4 млрд доллар миқдорида даромад кўрган.

Huawei ўз патентларини тўплашдан ташқари, бошқа компанияларга тегишли интеллектуал мулкдан қонуний равишда фойдаланиш учун 6 миллиард доллардан ортиқ гонорар тўлаган. Ҳужжатга кўра, ушбу миқдорнинг деярли 80% қисми Америка компанияларининг ҳиссасига тўғри келади.

Интеллектуал мулк қонун билан ҳимояланган хусусий мулк шакли ҳисобланади ва у билан боғлиқ баҳслар суд тартибида ҳал этилиши лозим, деди Сонг Люпин.

Бундан ташқари, у ўтган 30 йил мобайнида бирор бир суд Huawei компаниясини интеллектуал мулкни ғаразли тарзда ўғирлашда айблаб хулоса бермаганини ва компанияга бу борада зарарни қоплаш ҳақида ҳеч қандай талаб қўйилмаганини қўшимча қилиб ўтди.

Huawei ишлаб чиққан илғор технологияларнинг 3G, 4G ва 5G тармоқларини бошқарадиган очиқ стандартларга бирлаштирилгани ҳақидаги оддий факт ҳам, унинг интеллектуал мулкка ҳурмат билан ёндашишини исботлайди. Бунинг натижасида ҳатто Huawei компаниясидан тўғридан-тўғри маҳсулот харид қилмайдиган мамлакатлар ҳам унинг таянч патентларидан фойдаланадилар ва Huawei яратган технологияларнинг афзалликларидан баҳраманд бўладилар.

Сонг Люпин, шу билан бирга, патентлардан фойдаланиш борасидаги Huawei позициясига ҳам эътиборни қаратиб, у ўз патентларидан юзага келадиган баҳсларда қурол сифатида фойдаланмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, FRAND тамойилига амал қилишда Huawei очиқ ва ҳамкорликка асосланган ёндашувни танлайди, бошқа сўз билан айтганда, у тегишли томонлар билан патент лицензиясига боғлиқ муносабатларда “холислик, мантиқийлик ва тенглик” тушунчалари асосида иш тутади.

“Ҳар доимгидек Huawei ўз технологияларини дунё билан бўлишишга тайёр. Булар 5G стандартига оид ечимларни ҳам қамраб олади. Булар АҚШ компаниялари ва истеъмолчиларини ҳам четлаб ўтмайди. Биргаликда биз мазкур соҳани ривожлантирамиз ва бутун инсоният учун технологияларни кучайтирамиз”, - деб таъкидлади Сонг Люпин.

Ҳужжатда, шунингдек, узлуксиз инновацияларнинг Huawei тараққиётига қўшган ҳиссаси, уларнинг ижтимоий қиймати ва Huawei компаниясининг бошқа томонларга ва ўзига тегишли интеллектуал мулк ҳуқуқига доир позицияси акс эттирилган.

ЎзА
2 093